Жаҳон | 08:30 / 07.11.2024
13284
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Трамп билан «ажойиб» суҳбат ҳақида гапириб берди

Украина президенти телефон орқали мулоқотда Доналд Трампни АҚШ президентлиги сайловидаги «тарихий ва ишончли ғалабаси» билан табриклаганини айтди.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский биринчилардан бўлиб Доналд Трампни АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади, дея хабар беради dpa ва Reuters агентликлари. Зеленскийнинг ўзи 7 ноябрга ўтар кечаси Telegram-каналида «президент Трамп билан ажойиб телефон суҳбати ўтказганини ва уни тарихий ва ишончли ғалабаси билан табриклаганини» ёзди.

«Биз яқин мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорлигимизни ривожлантиришга келишиб олдик. Кучли ва қатъиятли АҚШ раҳбарияти тинчлик ва адолатли дунё учун муҳим», — дейилади постда.

«Россия ҳужумидан ҳимояланишда Украина АҚШнинг ёрдамига боғлиқ, - деб таъкидлайди dpa агентлиги. - Киевда Трамп ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйиши мумкинлигидан ва республикачи буни Кремл эгаси Владимир Путинга катта имтиёзлар билан қилмоқчи эканидан қўрқиш бор».

Германиянинг ARD ижтимоий-ҳуқуқий телеканалининг Tagesschau ахборот дастури Киевдаги мухбири Ребекка Барт Зеленскийнинг баёнотларини «АҚШ сайловларида ғолиб бўлган Доналд Трампнинг илтифотини қозониш ҳаракати» деб атади. Шу билан бирга, Киевдаги кўплаб сиёсатчилар Трамп иккинчи президентлик муддатига сайланганидан кейин Украина ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатларда «янги динамика» бўлишига умид қилмоқда, дея таъкидлайди Барт.

АҚШнинг Украинага ёрдами

Ўз навбатида, Американинг CNN телеканали АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден маъмурияти Киевга қурол-яроғ ва Украина бюджетини қўллаб-қувватлаш кўринишида ўнлаб миллиард доллар ёрдам кўрсатганини эслатади. «(Байден) маъмурияти Трамп президентликка келгунига қадар Киевни имкон қадар қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда», — дея таъкидлайди америкалик журналистлар.

Сайлов кампанияси давомида Доналд Трамп ва АҚШ вице-президенти лавозимига номзод Жеймс Дэвид Вэнс Қўшма Штатлар Россия билан урушда Украинани қўллаб-қувватлашга Европа давлатларига қараганда сезиларли даражада кўпроқ маблағ сарфлаётганини бир неча бор танқид қилди. Кузатувчилар Трамп президентликка келганидан кейин Украинага ёрдамни кескин камайтириши мумкинлигидан хавотирда.

Трамп Зеленский ва Украинадаги уруш ҳақида

17 октябр куни машҳур ютубер Патрик Бет-Дэвидга берган интервюсида Доналд Трамп Зеленский «уруш бошланишига йўл қўймаслиги керак эди» деди.

Ўша пайтдаги республикачилардан президентликка номзод Украина раҳбарини ўзи кўрган «энг буюк сотувчилардан бири» деб атаган ва Украина АҚШдан шунчалик кўп ёрдам олганига ҳайрон бўлган.

«Тарихда яна ким бунча пул олган? – дея риторик савол берди у. — Бу ҳеч қачон бўлмаган. Ва бу мен унга ёрдам беришни хоҳламайман дегани эмас, чунки мен бу одамлар (украиналиклар)га ҳамдардман. Аммо у бу уруш бошланишига йўл қўймаслиги керак эди. Бу уруш мағлубиятдир».

Мавзуга оид