Жаҳон | 07:50
10206
4 дақиқада ўқилади

Трамп Путин билан гаплашишга тайёрлигини айтди

АҚШ президентлиги сайловларида ғалаба қозонган Доналд Трамп ҳали Владимир Путин билан гаплашгани йўқ, бироқ бу содир бўлишини истисно этмаяпти. Аввалроқ Путин Трампга қўнғироқ қилишга қарши эмаслигини айтганди.

Фото: Reuters

АҚШ Республикачилар партияси аъзоси Доналд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг Россия президенти Владимир Путин билан ҳозирча мулоқот қилмаган, бироқ бу содир бўлишини истисно этмаяпти. «Ўйлайманки, биз гаплашамиз», деди Трамп 7 ноябр, пайшанба куни NBC телеканалига берган интервюсида. Унинг қўшимча қилишича, сайловларнинг дастлабки натижалари сарҳисоб қилинганидан бери у «эҳтимол» 70 нафар дунё етакчилари, жумладан, Украина президенти Володимир Зеленский билан гаплашган. У Зеленский билан суҳбат тафсилотларини ошкор қилмади.

Путин ҳам Трамп билан гаплашишга қарши эмас

Аввалроқ Путин 7 ноябр, пайшанба куни Валдай форумида бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШнинг сайланган президентига қўнғироқ қилишга қарши эмаслигини маълум қилганди. «Мен буни қилмаяпман, чунки Ғарб давлатлари раҳбарлари деярли ҳар ҳафта қайсидир босқичда менга қўнғироқ қилишди ва кейин бирдан тўхтаб қолишди», деди у.

Худди шу тадбирда Путин Доналд Трампни сайлангани билан табриклади ва Кремл «Америка халқи ишонадиган ҳар қандай давлат раҳбари билан ҳамкорлик қилишга» тайёрлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Трамп 2016-2020 йиллардаги биринчи президентлик муддати давомида «қўшимча қадам ташлашдан, қўшимча сўз айтишдан» қўрққан, бироқ ўтган ёзги суиқасд пайтида жасорат кўрсатган.

Зеленский Трамп билан «ажойиб» суҳбат ҳақида гапириб берди

Украина президенти Володимир Зеленский биринчилардан бўлиб Доналд Трампни АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади, дея хабар беради dpa ва Reuters агентликлари. Зеленскийнинг ўзи 7 ноябрга ўтар кечаси Telegram-каналида «президент Трамп билан ажойиб телефон суҳбати ўтказганини ва уни тарихий ва ишончли ғалабаси билан табриклаганини» ёзди.

«Биз яқин мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорлигимизни ривожлантиришга келишиб олдик. Кучли ва қатъиятли АҚШ раҳбарияти тинчлик ва адолатли дунё учун муҳим», — дейилади постда.

«Россия ҳужумидан ҳимояланишда Украина АҚШнинг ёрдамига боғлиқ, - деб таъкидлайди dpa агентлиги. - Киевда Трамп ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйиши мумкинлигидан ва республикачи буни Кремл эгаси Владимир Путинга катта имтиёзлар билан қилмоқчи эканидан қўрқиш бор».

Германиянинг ARD ижтимоий-ҳуқуқий телеканалининг Tagesschau ахборот дастури Киевдаги мухбири Ребекка Барт Зеленскийнинг баёнотларини «АҚШ сайловларида ғолиб бўлган Доналд Трампнинг илтифотини қозониш ҳаракати» деб атади. Шу билан бирга, Киевдаги кўплаб сиёсатчилар Трамп иккинчи президентлик муддатига сайланганидан кейин Украина ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатларда «янги динамика» бўлишига умид қилмоқда, дея таъкидлайди Барт.

Трамп январда Оқ уйга қайтади

5 ноябрь куни бўлиб ўтган АҚШ президентлик сайловларида республикачи Доналд Трамп ғалаба қозонди. У ўз штатларидаги сайловчиларни ифодаловчи 295 та сайловчилар коллегияси овозини таъминлади, ғалаба қозониш учун эса 270 овоз керак эди. Унинг рақиби, Демократик партиядан номзод, АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис очиқчасига мағлубиятини тан олди. АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ҳокимиятни Трампга тинч йўл билан топширишга ваъда берди.

20 январ куни АҚШнинг янги президенти инаугурацияси бўлиб ўтади.

Мавзуга оид