Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фридрих Мерц ГФРни етакчи ўртача барқудрат давлатга айлантириш ниятида
ХДИ раиси, агар у сайловларда ғалаба қозонса, Германия ташқи сиёсати манфаатларини янада қатъий ҳимоя қилишга ваъда беряпти. Мерц Доналд Трамп билан фойдали «келишувлар» тузилишига умид қилмоқда.
Фото: Lisi Niesner/REUTERS
Германия канцлери лавозимига Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ)дан номзод Фридрих Мерц, агар ўзи сайловда ғалаба қозонса, Германиянинг ташқи сиёсат соҳасидаги манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш ва АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп билан ўзини ишончли тутиш ниятида. «Биз ухлаётган ўртача барқудрат давлатдан яна етакчи ўртача барқудрат мамлакатга айланишимиз керак», деди у Stern нашрига берган интервюсида, ундан парчалар Reuters томонидан 10 ноябр, якшанба куни чоп этилган.
«Биз Германияда ҳалигача ўз манфаатларимизни етарлича аниқ шакллантирганимиз йўқ ва буни ўзгартиришимиз керак. Америкаликлар анча тажовузкор. Фақат бир томон ғалаба қозониши тўғри эмас, ҳар икки томон учун ҳам манфаатли келишувлар тузиш керак. Трамп буни битим деб атайди», деб тушунтирди христиан-демократ сиёсатчи.
Мерц — АҚШ билан ўзаро манфаатли битимлар тарафдори
Мерц аниқ бир мисол келтирди: «Айтайлик, биз зарурат туфайли Американинг F-35 қирувчи самолётларини сотиб оляпмиз, лекин кейин улар бизда техник хизматдан ўтиши керак ва биз бунинг учун керакли заводларни оламиз. Бу ҳар икки томон учун ҳам яхши келишув бўлади. Мен Трампни кузатяпман, уни яхши биладиган кўп одамлар билан гаплашиб турибман: сиз у билан қатъий ва аниқ мулоқот қилишингиз керак».
ХДИ раҳбари Германия ҳукуматини, унинг фикрича, Қўшма Штатлардаги сайловларга нотўғри муносабатда бўлгани учун танқид қилди. «Федерал ҳукумат Трампнинг қайта сайланишига таяниши керак эди. Бунинг ўрнига ТИВ Камала Ҳаррисга таянди ва шу билан жуда бирёқлама позицияни эгаллади. Трамп ҳамма нарсани эсида сақлаб қолади. АҚШнинг янги маъмурияти амалдаги федерал ҳукуматнинг сўзларини тинглаб ўтирмайди. Шолц энди жаҳон саҳнасида «чўлоқ ўрдакка» айланди», — дея хулоса қилди Фридрих Мерц.
Зёдер ХДИ билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр
Айни пайтда, Христиан-социалистик иттифоқ (ХСИ) раиси ва Бавария бош вазири Маркус Зёдер сайловларда ғалаба қозонса, Христиан-демократик иттифоқ билан яна яқин ҳамкорлик қилиш ниятида. «Биз тайёрмиз. Дастурларимизни тубдан янгиладик ва бизда иқтисодиёт, энергетика сиёсати, миграцияни чеклаш ҳамда саноат ва Бундесверни ривожлантириш бўйича аниқ ҳаракатлар дастурлари мавжуд», — деди христиан-социалист ҳафталик Bild am Sonntag нашрига берган интервюсида.
Зёдер Германия канцлери Шолцни имкон қадар тезроқ ўз ҳукуматига ишонч масаласини кўтаришга чақирди. «Ҳукумат қулаганда дарҳол янги сайловлар ўтказишга йўл очилиши керак. Акс ҳолда федерал канцлер идорасини сайлов штабига айлантиришга уриниш ҳақида тасаввур пайдо бўлади. Бу хато бўларди, у демократияга зид, келгуси давр муаммоларини ҳал қилишни чўзиб ўтириш керак эмас», деди Христиан-социалистик иттифоқ (ХСИ) раиси.
Шу билан бирга, Маркус Зёдер социал-демократлар партиясини бўлажак коалициянинг ягона ҳамкори деб ҳисоблайди. У Эркин демократик партия (ЭДП) раиси Кристиан Линднернинг келажакдаги ҳукуматда Молия вазирлигини бошқариш истагига совуққонлик билан муносабат билдирди.
«Мен Кристиан Линднерни қадрлайман. Лекин у «светофор ҳукумати»да жуда кўп хатоларга йўл қўйди. Фақат бир нарсани маслаҳат беришим мумкин: узоқлашиш, танаффус олиш. Қайтишга ҳеч қачон кеч бўлмайди. Аммо аввалгидек давом эттириш - мен бу вариантга шубҳа билан қарайман», — деди Бавария бош вазири.
Германияда ҳукумат коалициясининг қулаши
6 ноябр куни Германия федерал канцлери, социал-демократ Олаф Шолц март ойида муддатидан олдин сайлов ўтказиш имкониятига эга бўлиш учун 2025 йил 15 январда Бундестагда ўз ҳукуматига ишонч масаласини овозга қўйишини маълум қилди. Шу куннинг бошида Шолц Эркин демократик партия (ЭДП) раиси бўлган молия вазири Кристиан Линднерни ишдан бўшатишини эълон қилди.
Коалиция бўйича шериклар узоқ вақтдан бери иқтисодий, молиявий ва ижтимоий сиёсат масалалари бўйича чуқур келишмовчиликлар туфайли бўлинган, шу сабабли улар Германиянинг 2025 йилги бюджети бўйича келиша олмадилар. Улар ўртасидаги можаро ўтган ҳафта охирида, Линднернинг Германиянинг иқтисодий, молиявий ва ижтимоий сиёсатини тубдан ўзгартиришни талаб қилиб, канцлерга йўллаган мактуби оммага эълон қилинганидан сўнг янги куч билан авж олди. Бу хабар ГСДП ва «яшиллар» томонидан кескин танқидга учради, улар эркин демократларни мамлакат олдида турган муаммоларга ечим топиш учун биргаликда ишлашни истамасликда ва коалицияни бузиш учун сабаб топишга ҳаракат қилишда айбладилар.
7 ноябрга ўтар кечаси деярли барча вазирлар - ЭДП аъзолари истеъфога чиқишини маълум қилди. Шундай қилиб, Германия Социал-демократик партияси (ГСДП), Эркин демократик партия (ЭДП) ва «Иттифоқ-90»/«яшиллар» партиясидан ташкил топган Германиядаги ҳукмрон «светофор коалиция» қулади. Мухолифат парламентда Шолц ҳукуматига ишонч бўйича эртароқ овоз бериш ва Бундестагга муддатидан олдин сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда.
Мавзуга оид
21:16 / 27.04.2026
Украина ЕИ аъзоси бўлиш учун ўз ҳудудларидан воз кечишига тўғри келади – Мерц
09:45 / 31.03.2026
Германия канцлери суриялик қочқинларни уйига қайтишга чақирди
13:05 / 19.03.2026
Мерц: Европа Украина бўйича музокараларда иштирок этиши керак
09:20 / 17.03.2026