Жаҳон | 22:21 / 11.11.2024
4576
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Toyota Хитойдаги бизнес стратегиясини ўзгартиради

Япон автомобилсозлик компанияси охирги йилларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, жумладан, BYDʼга бериб қўйган бозордаги улушини қайтариб олмоқчи.

Фото: Reuters

Дунёдаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири бўлган Toyota Motor Хитой бозоридаги стратегиясини ўзгартирмоқда. Reutersʼнинг ёзишича, япон компанияси 2023 йилга бориб Хитойда 3 миллион донагача автомобил ишлаб чиқаради.

Манбаларга кўра, агар йилига 3 миллион донагача автомобил ишлаб чиқариш режаси тасдиқланса, ўсиш ҳажми 63 фоизни ташкил этади. 2022 йилда Toyota Motor Хитойда 1,84 миллионта, 2023 йилда эса 1,75 миллионта автомобил ишлаб чиқарган. Япония компанияси айрим етказиб берувчиларни ишлаб чиқаришни ошириш режасидан хабардор қилган.

Бундан ташқари, компания Хитойда фаолият юритувчи менежерларининг масъулиятини кенгайтирмоқчи — улар маҳаллий бозорни яхшироқ тушунади, истеъмолчилар нимани хоҳлашини билади.

Reutersʼнинг қайд этишича, гап Toyota Motor ХХРдаги стратегиясини сезиларли даражада ўзгартириши ва япон компанияси охирги йилларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, жумладан, BYDʼга бериб қўйган бозордаги улушини қайтариб олмоқчилиги ҳақида кетмоқда. Toyota стратегияси Хитойда фаолият юритадиган дунёдаги бошқа ишлаб чиқарувчиларникидан фарқ қилади. Улар ушбу мамлакатда ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартирмоқда ёки бизнесини умуман олиб чиқиб кетяпти.

Ўтган ҳафта Toyota Motor жорий молиявий йилнинг учинчи чорак бўйича натижаларини эълон қилганди, унга кўра, соф даромад 55 фоизга камайиб кетган. Даромаднинг камайишига асосий сабаб — Осиёда, айниқса, Хитойда савдолар тушиб кетгани.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид