Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
Бу зарбалар Суриядаги америкалик хизматчиларга қилинган ҳужумларга жавоб бўлиб, Эронга алоқадор гуруҳларнинг халқаро коалиция кучларига ҳужум қилишини қийинлаштиради, дея тушунтирди АҚШ Марказий қўмондонлиги.
АҚШ қўшинлари 11 ноябр, душанба куни Сурияда Яқин Шарқдаги эронпараст гуруҳларга алоқадор тўққизта нишонга зарба берди. Бу зарбалар сўнгги 24 соат ичида Суриядаги америкалик хизматчиларга қилинган ҳужумларга жавобдир, дея тушунтирди АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM). Ҳарбийлар жавоб зарбалари нишонида қайси объектлар бўлгани ва қайси гуруҳлар уларни назорат қилгани ҳақида маълумот бермади.
Зарбалар Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳларнинг Қўшма Штатлар ва халқаро коалиция кучларига қарши ҳужумларни режалаштириш ва амалга ошириш қобилиятини пасайтиради, дея таъкидлади CENTCOM. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Суриядаги Америка ҳарбий контингенти 900 га яқин кишини ташкил қилади.
ИШИД террорчиларига қарши кураш
Минтақадаги халқаро коалиция ИШИД террорчиларига қарши курашмоқда. Октябр ойида Қўшма Штатлар Суриядаги ҳаво ҳужумлари давомида 35 нафаргача ИШИД жангариси йўқ қилинганини эълон қилган эди.
ИШИД сўнгги йилларда Сурия ва Ироқда қўлга киритган ҳудудларининг катта қисмини йўқотди. Бироқ, террорчилар бу мамлакатларда вақти-вақти билан ҳужумлар уюштирмоқда.