Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Франциядаги йирик оммавий ахборот воситалари Х ижтимоий тармоғини судга берди
ОАВ вакиллари Америка ижтимоий тармоғидан ўзларининг янгиликлар материалларидан фойдалангани учун гонорар талаб қилмоқда.
Франциянинг йирик нашрлари, жумладан, Le Figaro, Le Monde, Le Parisen ва Le Echos газеталари Х ижтимоий тармоғи устидан судга шикоят аризасини киритди, деб хабар беради The Guardian.
Қайд этилишича, 2024 йил май ойида Франция суди ушбу нашрларнинг Америка ижтимоий тармоғига қарши даъвоси бўйича ижобий қарор чиқариб, Х’га фойдаланилган янгиликлар материаллари учун гонорарлар тўлаш вазифасини юклаган.
Суд қарорига кўра, Х икки ой ичида ОАВга уларнинг материаллари фойдаланилган постлар қанча кўрилгани ва улашилганига оид маълумотларни тақдим этиши керак эди. Шунингдек, ижтимоий тармоқ постларни тақдим этиш алгоритмларининг ишлаш усулини ошкор этиши лозим бўлган. Ушбу маълумотлар 2019 йилда Францияда рақамли платформаларга нисбатан ҳам кучга кирган турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун доирасида потенциал гонорарларни «шаффоф баҳолаш» учун зарур ҳисобланади.
Аммо шикоят муаллифларининг таъкидлашича, Х ижтимоий тармоғи ҳозирга қадар суд талабларини бажармаган. Шунингдек, ОАВ вакиллари Х офисини ҳамкорликдан бош тортишда айбламоқда.
Франция оммавий ахборот воситалари 2021 йилда Google компаниясига нисбатан ҳам шу каби даъвони илгари сурган ва у қаноатлантирилган эди. Шундан кейин қидирув платформасига француз ОАВ билан гонорарлар тўғрисидаги музокараларда келишилган айрим мажбуриятларини бажармагани учун антимонополия регулятори томонидан 500 минг евро миқдорида жарима ҳам белгиланганди. 2024 йилда Франция Антимонополия хизмати Googleʼни худди шундай айблов билан яна 250 минг евро жаримага тортди.
Мавзуга оид
20:14 / 31.05.2026
Францияда оздирувчи дори сотиб олганларнинг харажатлари қоплаб берилади
08:59 / 28.05.2026
Норвегия Франциянинг ядровий “қалқони”га қўшилди
22:20 / 24.05.2026
Макрон Лукашенкони Украина низосига аралашмасликка чақирди
10:07 / 23.05.2026