Жаҳон | 15:30 / 13.11.2024
6318
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонга йўлбарслар қайтарилмоқда. Улар бундан 70 йил аввал йўқолиб кетганди

Республикага Нидерландиядан бир жуфт Амур йўлбарслари кўчириб келинди.

Фото: gov.kz

Қозоғистондаги Иле-Балхаш давлат қўриқхонасида ҳайвонот дунёсининг қашшоқлашуви ҳамда ўрмонлар, буталар ва ботқоқларнинг таназзули давридан сўнг ноёб сутемизувчилар яна пайдо бўлди. CNN хабар беришича, қўриқхонада 50 гектардан ортиқ ҳудудда ўрмон ва ўсимликлар қайта тикланган, улар орасида ўтлаб юрган Бухоро буғулари ва қулонларни кўриш мумкин.

Яқинда қўриқхонага йўлбарслар олиб келинди — улар сўнгги 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида Қозоғистон ёввойи табиатида учрамаган эди.

Ўз вақтида бу йиртқичлар ғарбда Туркиядан шарқда Корея яриморолигача, Россиянинг шимолий Сибир ерларидан то Индонезиянинг экваториал тропик оролларигача чўзилган ҳудудларда, жумладан, Марказий Осиёда кезиб юрарди. Ҳозир улар бу ҳудуднинг атиги 7 фоизидан камроғида тарқалган. Қозоғистонда 1950 йилларда йўлбарслар Каспий минтақасида бутунлай йўқ бўлиб кетгани эълон қилинган. Бунга уларни мунтазам овлаш ва емиш камайиши сабаб бўлган.

Сентябр ойида Нидерландия қўриқхонасидаги бир жуфт Амур йўлбарслари Иле-Балхашдаги уч гектарлик ярим табиий волерга кўчирилди. Бу ерда жуфтликнинг авлоди дунёга келади. Бу билан Қозоғистонда ёввойи йўлбарслар қайта тарқалишига умид қилинмоқда.

“Амур йўлбарслари Каспий минтақасида бир неча ўн йил олдин йўқ бўлиб кетган йўлбарсларга ўхшагани учун танлаб олинди”, — дея журналистларга маълум қилди Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси доирасидаги Tigers Alive ташаббуси раҳбари Стюарт Чапмен.

Олимлар Амур йўлбарслари Балхашбўйи шароитида Россиянинг Узоқ Шарқидагига ўхшаш иссиқ ёз ва совуқ қишда яшаб қолишига умид қилмоқда.

Бодхана ва Кума лақабли йўлбарслар Нидерландиядан қуруқлик орқали Германияга олиб келинди, сўнгра у ердан тижорат самолётининг юк бўлимида олти соатлик парвоз билан Қозоғистонга етказилди. Кейин вертолётда 20 дақиқада қўриқхонага олиб борилди.

Улар сафардан бир неча ой олдин тайёргарликдан ўтган, хусусан, транспорт қутисига ўргатилиб, ўз волерлари ичида ов қилишни ўрганган. Бу уларга қўриқхонанинг ярим ёввойи муҳитига мослашишда ёрдам бериши кутилмоқда.

Яқин йилларда Бодхана ва Кума сафига яна камида саккизта йўлбарс қўшилиши кутилмоқда, 2035 йилга келиб қўриқхонада ёввойи мушуклар сони 50 тага етиши режалаштирилган.

Бу билан иш якунланмайди: табиатни муҳофаза қилувчилар ҳудуддаги инсон ва ёввойи табиат ўртасидаги муносабатларни бошқаришлари лозим бўлади. Қўриқхона ичида аҳоли яшамаса-да, унинг четида жойлашган тўртта қишлоқда 6000 га яқин киши истиқомат қилади.

Мавзуга оид