Жаҳон | 08:41
1731
3 дақиқада ўқилади

«Буюк яшил девор»: инсон яратган ўрмонлар табиатдан тезроқ ўсмоқда

Хитойнинг чўлланишга қарши қаратилган «Буюк яшил девор» лойиҳаси доирасида экилган дарахтлар табиий ўрмонлардаги дарахтларга нисбатан тезроқ ўсиши аниқланди. Олимлар бу ҳолат сунъий ўрмонларнинг атмосферадаги углерод гази миқдорининг ортишига бошқачароқ жавоб қайтариши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Фото: AP

Хитой 1978 йилдан буён инсоният тарихидаги энг йирик ўрмон барпо этиш дастурларидан бири — «Буюк яшил девор» лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Шу вақтга қадар ушбу дастур доирасида тахминан 66 миллиард туп дарахт экилиб, Гоби ва Такла-Макон чўллари бўйлаб улкан яшил ҳимоя камари шакллантирилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади чўлланиш жараёнини секинлаштириш ва қум босишининг олдини олишдан иборат. Маълумотларга кўра, Гоби чўли ҳар йили Хитойнинг 2,6 минг квадрат километрдан ортиқ яйлов ва қишлоқ хўжалиги ерларини ўз бағрига тортади.

Geophysical Research Letters журналида эълон қилинган янги тадқиқотга кўра, мазкур лойиҳа доирасида экилган сунъий ўрмонларда дарахтлар табиий ўрмонларга нисбатан анча тез ўсмоқда.

Тадқиқот муаллифи, Пекин университетининг Шэнчжэн кампуси ландшафт экологи Юйхан Лонинг таъкидлашича, бу ҳодисанинг аниқ сабаблари ҳозирча тўлиқ ўрганилмаган. Бироқ олимлар сунъий ўрмонлар атмосферадаги карбонат ангидрид (CO₂) миқдорининг ортишига самаралироқ мослашаётган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Тадқиқотда олимлар сунъий ва табиий ўрмонларни сунъий йўлдош маълумотлари орқали таққослади. Улар дарахтлар барг қопламининг зичлигини ифодаловчи индексни таҳлил қилди.

Натижаларга кўра, сунъий ўрмонларда барг қоплами майдони табиий ўрмонларга қараганда 66 фоиз тезроқ кенгайган.

Бунинг асосий сабабларидан бири — ёш дарахтлар қарироқ дарахтларга нисбатан табиий равишда тез ўсишидир. Шунингдек, сунъий ўрмонлар мунтазам парвариш қилиниши ҳам ўсиш суръатига ижобий таъсир кўрсатади.

Қизиқ жиҳати шундаки, бир хил ёшдаги ва ўхшаш табиий шароитдаги дарахтлар солиштирилганда ҳам сунъий ўрмонлар тахминан 4,6 фоиз тезроқ ўсган.

Олимлар энг юқори ўсиш суръати дарахтлар 30–40 йиллик бўлган даврда кузатилишини қайд этди. Кейинчалик ўсиш суръати секинлашади.

Шу билан бирга, тадқиқотчилар табиий ўрмонлар узоқ муддатда углеродни сақлашда самаралироқ эканини таъкидламоқда. Улар секинроқ ўсса-да, ўнлаб йиллар давомида барқарор ривожланади ва атмосферадан углеродни узоқ вақт давомида ютиб боради.

Мутахассислар фикрича, ушбу натижалар келгусида иқлим ўзгаришига қарши курашиш дастурлари ва ўрмон барпо этиш стратегияларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид