Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
T-Mobile уяли алоқа оператори хитойлик ҳакерлар ҳужумига учради – ОАВ
Хитой разведкаси билан боғлиқ ҳакерлар T-Mobile тизимларини бузиб киргани ва бир неча ой давомида телефон суҳбатларини кузатиб боргани таъкидланмоқда.
T-Mobile тармоғи Хитой томонидан кибер-жосуслик амалиёти чоғида бузиб кирилган тизимлар қаторидан жой олди, деб хабар берди The Wall Street Journal (WSJ) вазиятдан хабардор манбаларга таяниб.
Хитой разведкаси билан боғлиқ ҳакерлар уяли алоқа оператори тизимларини бузиб кирган ва бир неча ой давомида телефон суҳбатларини кузатиб борган.
WSJ суҳбатдошларига кўра, ҳозирча T-Mobile мижозларидан тўпланган маълумотлар, қўнғироқлар ва хабарлар ҳақида аниқ маълумот йўқ. Компания вакили T-Mobile тизимлари ва маълумотларига ҳеч қандай «сезиларли тарзда» таъсир қилинмаганини айтди. «Бизда мижозлар маълумотларига таъсир бўлгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ», деди у журналистларга.
T-Mobile компаниясига ҳужум хитойлик хакерларнинг Salt Typhoon деб номланган кибер-жосуслик амалиётининг маълум қурбонлари рўйхатини кенгайтирди. Баъзи америкалик амалдорлар бу кампанияни миқёси ва жиддийлиги жиҳатидан тарихий ва ҳалокатли деб ҳисоблашади. Аввалроқ, октябр ойида AT&T, Verizon ва Lumen Technologies телекоммуникация компаниялари Хитой ҳакерлари қурбони бўлгани маълум қилинганди.
13 ноябр куни эълон қилинган ФҚБ ва Киберхавфсизлик ва инфратузилма хавфсизлиги агентлиги (CISA) қўшма баёнотида хитойлик ҳакерларнинг Америка телекоммуникация тизимларига киберҳужумлари кутилганидан анча кўп бўлгани ва натижада «нозик маълумотлар сизиб чиққани» таъкидланади.
Ушбу маълумотларга кўра, киберҳужумчилар шахсларнинг, жумладан америкалик сиёсатчилар ва амалдорларнинг телефон суҳбатлари билан боғлиқ маълумотларни ўғирлагани, шунингдек, суд қарори билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан сўралган маълумотларга эга бўлгани тахмин қилинмоқда.