Ўзбекистон | 12:08
11943
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов бош вазир лавозимига қайта тасдиқланди

Шавкат Мирзиёев Абдулла Ариповни “катта ташкилотчилик салоҳиятига эга бўлган, ижро ҳокимияти тизимида бой билим ва тажриба орттирган, масъулиятни доимо чуқур ҳис этадиган раҳбар” деб таърифлади.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтяпти.

Президент Янги Ўзбекистон янги парламенти билан бирга ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига қадам қўяётганини таъкидлади. Бу янги даврда кечаги талаб ва мезонлар билан, эскича ишлаб бўлмаслиги қайд этилди. Шу боис ҳукумат ўз фаолиятини мутлақо янгича асосда ташкил этиши керак, бунинг учун унга кучли раҳбар, яъни, бош вазир зарур.

Давлат раҳбари бу масалани атрофлича ўйлаб, Ўзбекистон Республикаси бош вазири лавозимига Абдулла Ниғматович Арипов номзодини кўрсатишга қарор қилганини айтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Абдулла Арипов катта ташкилотчилик салоҳиятига эга бўлган, ижро ҳокимияти тизимида бой билим ва тажриба орттирган, масъулиятни доимо чуқур ҳис этадиган раҳбар экани таъкидланди.

Ушбу номзод бугун ҳукумат олдига қўйилган, кўлами ва миқёси бениҳоя катта бўлган муҳим вазифаларни ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини самарали ташкил қилиши, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарларини бирлаштириб, ягона мақсад сари сафарбар эта олишига ишонч билдирилди.

Президент Абдулла Арипов номзодини депутатлар муҳокамасига тақдим этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Арипов Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини тақдим этди.

Депутатлар ва фракциялар раҳбарлари сўзга чиқиб, номзод ва дастур юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Номзод ва Ҳукуматнинг дастури кўриб чиқилгач, Бош вазир лавозимига номзодни маъқуллаш масаласи овоз беришга қўйилди.

Яширин овоз бериш йўли билан депутатлар Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига маъқуллади.

Эслатиб ўтамиз, 63 ёшли сиёсатчи 2016 йил 13 сентярдан буён Ўзбекистон Ҳукуматини бошқариб келмоқда.

Мавзуга оид