Ўзбекистон | 14:50 / 21.11.2024
2573
1 дақиқада ўқилади

Кувайт Ўзбекистонда Она ва бола кластерини ташкил этади

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Кувайтнинг етакчи ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациясининг Сурхондарё вилоятига бизнес миссияси ташкил этилди.

Сафар давомида Кувайт компаниялари вакиллари Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Шерали Жўраев ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Комил Абдувоҳидов билан учрашув ўтказдилар.

Музокаралар чоғида Сурхондарё вилоятида Она ва бола кластерини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, юрак-қон томир ва бошқа оғир жарроҳлик амалиётларни ҳамкорликда ўтказиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш, вилоятда импорт қилинаётган дори воситалари ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Кувайт бизнеси вакиллари сафар давомида вилоятдаги эркин савдо зоналарида амалга оширилаётган лойиҳалар, ҳудудлараро савдо алоқаларини кенгайтириш учун яратилган шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишди.

Шеробод туманига ташриф давомида эса тиббиёт ўқув маркази, лаборатория ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун таклиф этилган шароитлар кўздан кечирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид