Жаҳон | 19:39 / 21.11.2024
28895
9 дақиқада ўқилади

СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар

1977 йилда Еревандаги банкдан 1,5 миллион рубл йўқолади. Милиция ўғриларни топиш учун иттифоқ бўйлаб оёққа туради. Охир-оқибат улар топилади. Лекин пулларни қайтариб олишнинг иложи бўлмайди.

1977 йил 8 август куни Москвада СССР Ички ишлар вазирлигида шошилинч йиғилиш ўтказилади. Йиғилишда давлат банкининг Еревандаги бўлимидан бир ярим миллион рубл ўғирлангани масаласи муҳокама қилинади.

Вазир бу жиноятни содир этганлар зудлик билан ушланиши лозимлигини айтиб, тезкор ходимлар, криминалистлар ва жиноят қидирув бўлими ходимлари зудлик билан Арманистонга етиб боришини буюради.

Ўша куннинг ўзида Ички ишлар вазирлиги ходимлари Еревандаги жиноятни очиш учун Арманистонга жўнашади. Кўп ўтмай жиноятчилар топилади. 

Ўғрилик

1977 йил 8 август, душанба куни давлат банкининг Еревандаги бўлими ходимлари банк биносига келиб ноодатий ҳолат гувоҳи бўлишади.

Улар бинонинг биринчи қаватида жойлашган пуллар сақланаётган бўлимини очишганда оёқ остида болалар соябонини ва одам сиғадиган тешикни кўришади.

Дарҳол ғазнадаги пуллар текшириб кўрилади. Шунда бир ярим миллион рубл жойида йўқлиги маълум бўлади. Бу сумма ўша пайтда тақрибан 2 млн долларга тенг эди.

Дарҳол ҳодиса жойига милиция чақирилади. Милиция ўз навбатида жиноят ҳақида Москвага, Ички ишлар вазирлигига хабар юборади. Ахир, йўқолган сумма кам эмасди.

Москвада ҳодисани ички ишлар вазири ўз назоратига олади ва жиноятни очиш учун Ереванга тажрибали мутахассислар юборилади.

Дастлабки суриштирувда банк биносидаги дераза ва эшикларга панжара ўрнатилмагани, сал аввал у ерда таъмирлаш ишлари ўтказилгани учун сигнализация ҳам ўчириб қўйилгани ойдинлашади.

Еревандаги банк биноси 1970-йиллар

Демак, жиноятчилар сигнализация ўчириб қўйилганини билишган. Бироқ, уларга бу ҳақда ким хабар берган. Балки банк ходимлари орасида жиноятчиларнинг шериги ҳам бўлиши мумкин.

Бироқ суриштирувлар давомида жиноятчилар бинога дераза орқали киргани аниқланади. Жиноят содир бўлган жойдан лом ва минерал сувдан бўшаган идиш топилади.

Текшириб кўрилганда уларда бармоқ излари қолмагани аниқланади. Афтидан, жиноятчилар уларни қўлқоп ёрдамида ушлаган ёки артиб, тозалаб қўйган.

Еревандаги банкдан бир ярим миллион ўғирлангани тез орада шаҳарга овоза бўлади. Шундан сўнг аксарият ўғрилар милицияга келиб жиноятга алоқалари йўқлигини айтишади.

Милиция ўғриларнинг ҳар бирини синчиклаб текширади, бироқ уларнинг жиноятга алоқадорлиги ҳақида далил топа олмайди.

Ўғрилар банк ғазнасига кирганда у ерда катта-кичик турли купюралар бўлган. Жиноятчилар фақат 100 рубллик янги купюраларни олишган.

Буни улар пулларни кўтариб кетиш осон бўлиши учун қилишганми ёки янги купюраларнинг товланишига учишганми, номаълум. Лекин жиноятчилар янги купюраларни олиб хатога йўл қўйишганди. Чунки янги пулларнинг серия рақамлари банк ходимларига маълум эди.

Милиция жиноятчилар ўғирланган пулларни барибир ишлатади, деган хулосага келади. Шу сабабли мамлакатнинг барча ҳудудларидаги милиция бўлимларига, савдо дўконларига ўғирланган пулларнинг серия рақамлари маълум қилинади. 

Пуллар изидан

1977 йил ёзда Москвадаги ресторанлардан бири банкка қидирувда бўлган купюралардан бир нечтасини топширади. Милиция ходимлари дарҳол ресторанга етиб боради.

Барча официантлар сўроқ қилинади. Шунда улардан бири пулларни қорачадан келган икки йигит берганини, улар кавказлик ёки ўрта осиёликларга ўхшаб кетишини айтади.

Кўп ўтмай милицияга Тошкентдан хабар тушади. Бу сафар ўғирланган пулларга ютуқли давлат қимматбаҳо қоғози (заём) сотиб олинганди.

Фото: blognews.am

Аввалига милициядагилар ҳайрон қолишади. Ўғриларга қимматбаҳо қоғозлар нега керак бўлди экан? Қўлида жуда кўп миқдорда пуллар бўлган одамлар қимматбаҳо қоғознинг ютуғига қараб қолмагандир?!

Милициянинг тахминига кўра, жиноятчилар ўзларини қидиришаётганини яхши билишган ва нима қилиб бўлса-да ўғирланган пулларнинг изини йўқотишга уринишган.

Шундан сўнг мамлакатдаги барча банкларга кўп миқдорда заём сотмаслик буюрилади. Мабодо кимдир катта пулга заём олмоқчи бўлса бу ҳақда дарҳол милицияга хабар бериш талаби қўйилади.

1977 йил июн ойида Москвадаги банк бўлимлардан бирига ўрта ёшлардаги бир йигит келади ва уч минг рублга заём сотиб олмоқчи эканини айтади.

Кассир қиз ундан пулларни олиб санайди ва сўнг заём олиб чиқиш учун ичкарига кириб кетади. Қиз кечикавергани йигитни шубҳага солади. У кассир қиз милицияга хабар беряпти, деб ўйлайди ва пулларни ташлаб қочиб кетади.

Банкдагилар ҳолат бўйича милицияга хабар беришади. Текшириб кўрилганда 100 рубллик купюралар Еревандан ўғирланган пуллар бўлиб чиқади.

Гувоҳлар сўроқ қилинганда улардан бири йигит банкдан қочиб чиқиб таксига ўтириб кетганини, фақат йўловчи сифатида эмас, ҳайдовчи ўрнига ўтирганини айтади.

Шундан сўнг Москвадаги таксопарклар текширилиб, банкка такси миниб борган йигит топилади. У Владимир Кузнецов деган йигит бўлиб чиқади. Банкдаги кассир қиз уни кўрган заҳоти танийди.

Фото: so-l.ru

Таксичини милиция бўлимига олиб бориб сўроқ қилишганда у икки арман миллатига мансуб йигитларга хизмат қилишини ва улар бунинг эвазига яхшигина ҳақ тўлашларини айтади.

Йигитларнинг исм-шарифи сўралганда у ака-ука Николай ва Феликс Калачянни тилга олади. Сўроқ давомида таксичи «агар мен ёрдам бермаганимда амакиваччалар ҳеч нарса қила олишмасди», деб мақтаниб ҳам қўяди.

Милиция амакиваччаларга қидирув эълон қилади ва улар Тошкентда қўлга олинади. Уларнинг яна бир шериги Завер Багдасарянни эса Ереванда ушлашади.

Дастлабки терговда Завер Багдасарян комсомол фаоли экани ва у банк соҳасида ишлаши ойдинлашади. Амакиваччаларга Еревандаги банкда пулларнинг қаерда сақланиши ва таъмирлаш ишлари туфайли ҳаммаёқ очиқ эканини маълум ҳақ эвазига у айтганди.

Амакиваччалар пулларни ўғирлагандан сўнг Завер Багдасарян улардан ўз улушини олади ва Ереванда қолади. Николай ва Феликс мамлакат бўйлаб «гастрол»га чиқиб кетади.

Таксичи Владимир Кузнецов амакиваччаларга Москвада дуч келади ва мўмай пул эвазига уларга хизмат қилишга ҳамда пулларни заёмга алмаштириб беришга рози бўлади.

Дастлабки терговда барча айбни Феликс ўз гарданига олади. Банкни бир ўзи ўмарганини ва оғирлиги 30 килодан ошиқ бўлган пулларни бир ўзи олиб чиқиб кетганини, амакиваччасига кейин хабар берганини айтади.

Терговчиларни бир ҳолат ҳайрон қолдиради. Ғазнага кириш учун банк биносида иккинчи қаватдан биринчи қаватга тушиш учун бор-йўғи 34 сантиметр жой тешилган. Феликс ундан қандай сиғган?

Фото: tvnet.lv

Тергов давомида Феликс ёшлигида гимнастика билан шуғулланганини ва танаси ҳамда суякларини чўзилувчан қила олишини айтади.

Феликс банкдан пулларни олиб чиққандан сўнг уларни уйга олиб кетиш учун оддий хўжаликда ишлатиладиган замбилғалтакдан фойдаланади.

Йўлда унга тунда патруллик қилиб юрган милиция ходими дуч келади. Милиционернинг «ярим тунда нима олиб кетяпсан?» деган саволига йигит «чиқиндилар» деб жавоб беради. Шу тариқа Феликс ходимда шубҳа уйғотмасдан унинг ёнидан осонгина ўтиб кетади.

Терговчининг банк биноси томига қандай чиқдинг, деган саволига у «қўшни бинодан сакраб ўтдим», дейди. Қўшни бино билан банк биноси ораси 4 метр бўлган.

Милиция ходимлари Феликснинг гапларига ишонишмайди ва уни Еревандаги банк биносига олиб боришади. Сўнг банкка кириш жараёнини такрорлаб кўрсатишни сўрашади. Йигит тўрт метрга сакрайди ва 34 сантиметрли тешикдан ўтади.

Тергов бир ярим йилдан ошиқроқ давом этади ва 1979 йилда суд бўлиб ўтади. Бу ишда энг ажабланарли ҳолат шундаки, милиция амакиваччаларни ушлаганда уларнинг ёнидан озроқ пул чиқади.

Фото: modern.az

Тергов давомида минг сўрашмасин, қийнашмасин, Феликс ва Николай пулларнинг қолгани қаерда эканини зинҳор айтмайди.

Амакиваччалар терговчиларга 100 минг рублга заём олганини, қолган пулларни ресторанларда сарфлаб юборганини айтади. Қисқаси, Феликс ва Николай 1,5 миллион рублдан ошиқ пулларни қаерга яширганини айтмайди.

Суд Николай ва Феликс Калачянларни ўлим жазосига ҳукм қилади. Завер Багдасарян ва такси ҳайдовчиси Николай турли муддатларга қамалади.

Калачянлар содир этган ўғрилик, СССР тарихидаги энг йирик ўғриликлардан бири ҳисобланади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид