Ўзбекистон | 17:03 / 25.11.2024
1938
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Зўравонликка қарши 16 кун фаоллик» тадбирларига старт берилди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бутун жамият зўравонликка қарши курашиш учун ягона кучга айланиши кераклигини таъкидлаб, барча фаолларнинг ташаббус ва таклифларига таянилишини маълум қилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Ўзбекистонда бугун, 25 ноябрдан бошлаб «Зўравонликка қарши 16 кун фаоллик» тадбирлари бошланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.

Ушбу тадбирларнинг мақсади — мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, бу борада кенг жамоатчилик вакиллари, мутахассислар, халқаро ташкилотлар ва бошқа шу соҳага алоқадор инсонлар фикрини ўрганиш, давлат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида барчани бирлаштиришдан иборатдир.

«Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли «Инсон қадри учун» тамойили асосида зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Қонунларимиз такомиллаштирилди, жазо чоралари қатъийлаштирилди, ушбу иллатга қарши ишлайдиган аниқ тизим — Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги фаолияти йўлга қўйилди.

Лекин қисқа муддатда амалга оширилган ишлар ва бугунги натижаларимиз — бу борада қилиниши зарур бўлган ҳақиқий фаолиятга дастлабки қадамдир. Бу йўналишда ҳали муаммолар етарлича. Бунинг учун барчамиз масъул бўлишимиз даркор. Бутун жамиятимиз зўравонликка қарши курашиш учун ягона кучга айланиши керак. Бефарқ бўлмаслик, зўравонлик аниқланиши ва тўхтатилиши учун барча имкониятларни ишга солиш орқали барбод бўлган тақдирлар, йўқолган умидларга нажот беришимиз мумкин.

Албатта, биз хотин-қизларимизга, болаларимизга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги зўравонлик ва камситишларнинг олдини олиш, чора кўриш бўйича ишларимизни изчиллик билан давом эттирамиз. Бу борада барча фаолларимизнинг ташаббус ва таклифларига, албатта, таянамиз», — деб ёзади Танзила Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрелда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонунни имзолаган эди. Қонунга мувофиқ, эндиликда хотинини сўккан, таҳқирлаган, қўрқитган эркаклар бунинг учун жавобгарликка тортилади. Ўз турмуш ўртоғига оғир жароҳат етказиш эса 12 йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлади. Бировга шилқимлик қилиш, ортидан эргашиб таъқиб қилиш, тинмай телефон қилиш ва шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун ҳам жавобгарлик киритилди.

Мавзуга оид