Тошкентдаги хонадондан салкам 25 минг дона пиротехника воситалари аниқланди
Ҳозирда қиймати 737 миллион сўмни ташкил этадиган мазкур пиротехника воситалари вақтинча сақловга олинган ҳамда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Божхона қўмитаси
Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги хонадонларнинг бирида салкам 25 минг дона пиротехника воситалари сақланаётгани аниқланди, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексининг Контрабандага карши курашиш бўлими тезкор ходимлари томонидан ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Миллий гвардия ва ички ишлар идоралари вакиллари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг ички ҳудуддаги ноқонуний айланмаси фош қилинган.
Хусусан, пойтахтнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан тезкор кузатувга олинган шахснинг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган, муқаддам ноқонуний йўллар билан республикага олиб кирилган 205 та қоғоз қутида икки турдаги пиротехника воситалари қонунга хилоф тарзда сақланаётгани фош бўлган.
Рангли тутун чиқарувчи ва учқун сачратувчи мазкур пиротехника воситаларининг умумий миқдори 24 минг 637 донани, қиймати эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 737 миллион сўмни ташкил қилади.
«Ҳозирда мазкур пиротехника воситалари вақтинча сақловга олинди ҳамда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, республика божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 80 дан зиёд божхона қонунбузилиши ҳолатларида 7,5 миллион донага яқин пиротехника воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.
Бир неча кун олдин ноқонуний муомаладан олиб қўйилган йирик миқдордаги, яъни 4 млн 65 минг 562 дона пиротехника буюми дастлаб сувда бўктирилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилгани ва махсус хандаққа кўмиш йўли билан йўқ қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга оид

11:00 / 08.03.2025
“Ходимларнинг аралашганлиги ҳолати аниқланмади” – “Яллама” постидан юзлаб автомобилларнинг ғайриқонуний олиб ўтилишида божхоначилар иштироки ҳақида

11:23 / 25.02.2025
Халқаро автобус қатновларида йўловчи маълумоти божхона постига олдиндан етказилади

20:25 / 24.02.2025
Божхона постларида енгил автомобиль ва автобуслар учун қизил ва яшил йўлаклар жорий қилиниши мумкин

09:31 / 21.02.2025