Дам олиш кунлари айрим жойларда кучли ёмғир ёғиб, қорга айланиши мумкин
Ўзбекистон бўйича 29 ноябр-1 декабр кунларига об-ҳаво прогнози берилди.
Бир неча кун кузатилган жуда илиқ ва қуруқ об-ҳаводан сўнг бугунги кундан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келиши бошланди.
Ўзгидромет хабарига кўра, бугун ва дам олиш кунлари республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. 30 ноябр-1 декабрда айрим жойларда ёмғир қорга айланиши мумкин.
Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 29 ноябр-1 декабрда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди. Кечаги +20...+23 даражадан сўнг, бугун кундузи ҳарорат +10...+15 даражагача, якшанба куни эса +3...+8 даражагача пасаяди.
Республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши мумкин.
Пойтахтда: 29 ноябр-1 декабр кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 1 декабрда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор. Бугун кундузи ҳарорат +13...+15 даража, эртага, 30 ноябрда +7...+9 даража, якшанба, 1 декабрда +5...+7 даража бўлади. Ҳарорат кечалари асосан +5...+7 даража бўлади.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан бироздан ўртача тезликкача эсади.