Жаҳон | 14:48
978
3 дақиқада ўқилади

ЕП Украинага ёрдамни ва РФга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди

Европарламент Украинага ҳарбий, гуманитар ва молиявий ёрдамни кучайтириш ва тезлаштириш, Россия, Шимолий Корея, Беларус ва Эронга қарши янги санкциялар жорий этишга чақирди. У, шунингдек, Шолцнинг Путинга қўнғироқ қилганидан афсусда эканини билдирди.

Фото: AP

Европарламент 28 ноябр, пайшанба куни Украина бўйича кенг кўламли резолюцияни қабул қилди, унда у «Украина ғалабасигача» Киевга сиёсий, ҳарбий, гуманитар, иқтисодий ва молиявий ёрдам кўрсатишни кучайтириш ва тезлаштиришга чақиради. Ҳужжатни 390 киши ёқлаб чиқди, 135 нафари қарши бўлди ва 52 нафари бетараф эканини билдирди.

Европарламент ўз резолюциясида, хусусан, Европа Иттифоқи ва унинг давлатларидан Украинани самолётлар, узоқ масофали ракеталар, шу жумладан TAURUS, замонавий ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлашни, шунингдек, талабларни қондириш учун ваъда қилинган техника етказиб беришни тезлаштиришни сўраган.

Европарламент депутатлари барча Европа Иттифоқи давлатлари ва НАТО иттифоқчилари биргаликда ва якка тартибда Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олишлари, ҳар йили ялпи ички маҳсулотининг камида 0,25 фоизини шу мақсадда сарфлашлари кераклигини таъкидладилар.

Европарламент Европа комиссиясидан Украина иқтисодиётини қўшимча молиявий ёрдам кўрсатиш ва сармоявий имкониятларни рағбатлантириш орқали қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги чора-тадбирларни ишлаб чиқишни сўрайди. Европарламент депутатлари, шунингдек, Россиянинг фуқаролик инфратузилмасига, хусусан, энергетикага мунтазам ҳужумлари натижасида миллионлаб украиналиклар асосий хизматларсиз қолишига жавобан ЕИнинг гуманитар ёрдамини сезиларли даражада ошириш зарур, деб ҳисоблайди.

Фон дер Ляйен мудофаа харажатларини оширишга чақирди

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи давлатларини Россиянинг Украинага қарши давом этаётган ҳарбий агрессиясини ҳисобга олиб, мудофаа харажатларини оширишга чақирди. Россия ялпи ички маҳсулотининг 9 фоизини ҳарбий эҳтиёжлар учун, ЕИ эса бор-йўғи 1,9 фоизини сарфлайди, деди у 27 ноябр куни Страсбургдаги Европарламент олдида ЕИ раҳбари сифатида келгуси беш йилда ўзининг устувор вазифалари юзасидан сўзлаган нутқида.

«Ушбу «тенглама»да номувофиқликлар бор, бизнинг мудофаа харажатларимиз ошиши керак», деди у. Фон дер Ляйен фикрича, бунинг учун мудофаа саноатини кучайтириш ва Европа хавфсизлиги бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш керак.

Мавзуга оид