Жаҳон | 17:14 / 30.11.2024
8231
4 дақиқада ўқилади

Кипр Алишер Усмоновнинг синглисини “олтин паспорт”дан маҳрум қилди

Кипр ҳукумати инвестиция дастури доирасида “олтин паспорт” олган 77 нафар чет элликни мамлакат фуқаролигидан маҳрум қилди. Улар қаторида миллиардер Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳам бор.

Фото: Facebook

Кипр ҳукумати инвестиция дастури доирасида 77 нафар чет элликка берилган “олтин паспорт”ларни бекор қилди. Бу ҳақда Politis нашри хабар берди.

Рўйхатда россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳам бор.

У билан бирга, қуйидагиларга берилган Кипр фуқаролиги ҳам бекор қилинган: ФСБ собиқ терговчиси Сергей Ковбасюк, “Шереметево” директорлар кенгашининг собиқ раиси Александр Пономаренко, “Алфа-Групп” асосчиси Алексей Кузмичёв, “Русал” асосчиси Олег Дерипаска, Челябинск вилояти собиқ губернатори Михаил Юревич, “Меркурий” ширкатлар гуруҳи эгаси Игор Кесаев, “Сафмар” гуруҳининг асосий акциядори Михаил Гуцериев, Пробизнесбанк собиқ эгаси Александр Железняк ва бошқалар.

Рўйхатга россиялик тадбиркорлардан ташқари бир нечта украиналик ҳам киритилган. Фирибгарлик ва пул ювиш бўйича Киев ҳибсхонасида сақланаётган миллиардер Игор Коломойский, шунингдек, “УкрЛандФарминг” эгаси Олег Бахматюк шулар жумласидан.

Паспортидан маҳрум бўлган чет элликлар Кипр ҳукуматининг қарори устидан шикоят қилиши мумкин.

Маълумот учун, Гулбаҳор Исмоилова Ўзбекистонда туғилган, айни пайтда Россия фуқароси ҳисобланади. 2022 йил 2 март куни Германия ҳукумати Европа Иттифоқи санкциялари туфайли Алишер Усмоновнинг “Дилбар” номли яхтасини хатловга олгани ҳақида хабар берилганди. Ўша вақтда қиймати 600 миллион долларлик бу яхтанинг ягона эгаси сифатида Гулбаҳор Исмоилова кўрсатилганди. Унинг ЕИ ва Буюк Британиядаги активлари музлатилиб, ушбу мамлакатларга кириши тақиқланган эди. Шундан сўнг Исмоилова АҚШ ва Япония санкцияларига ҳам учради.

Гулбаҳор Исмоилова узоқ вақт Тошкентда жойлашган Федорович номидаги клиника таъсисчиларидан бири бўлиб келган. Айни пайтда унга тегишли бўлган улуш Ишмуҳамедова Севара Ниғматжоновнага ўтказилган.

"Олтин паспорт" нима?

"Олтин паспорт" дастури – Кипр ҳукумати томонидан хорижлик бадавлат шахсларга мамлакат фуқаролигини бериш эвазига, уларнинг иқтисодиётга сармоя киритишини талаб қилувчи тартиб бўлган. Бу дастур асосида Кипр фуқаролигини олиш учун:

·       камида 2,15 млн евро инвестиция киритиш;

·       Кипрда кўчмас мулк харид қилиш ёки бизнес очиш;

·       ҳукуматга белгиланган миқдордаги қайтарилмайдиган бадални тўлаш талаб қилинган.

Фуқароликни қўлга киритган шахслар Кипр паспорти орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига эркин кириш имконига эга бўлишади. Аммо кўп сонли суиистеъмолликлар фонида 2020 йилда “олтин паспортлар” бериш дастури тўхтатилди. Al-Jazeera ўтказган журналистик суриштирувда ҳатто маҳкум чет элликлар ва қидирувдагиларга ҳам фуқаролик берилгани аниқланган.

“Олтин паспорт” дастури доирасида 6779 нафар хорижлик Кипр фуқаролигини олган бўлиб, улардан 2886 нафари россияликдир. Хусусан, Гулбаҳор Исмоиловага 2015 йилда Кипр паспорти тақдим қилинган.

Мавзуга оид