Технология | 13:42 / 02.12.2024
4591
5 дақиқада ўқилади

Дунёда 800 миллиондан ортиқ одам диабетдан азоб чекади — тадқиқот

Олимларнинг айтишича, 1990—2022 йиллар оралиғида диабет билан энг кўп касалланиш ҳолатлари паст ва ўрта даромадли мамлакатларда кузатилган. Беморларга зарур муолажалар кўрсатилмаётгани хавотирга сабаб бўлмоқда.

Фото: Getty Images

Сўнгги 30 йил ичида дунёда қандли диабет билан касалланганлар сони икки баравар кўпайиб, 800 миллиондан ошди. Бу ҳақда халқаро тадқиқот маълумотларига таяниб The Guardian хабар бермоқда.

Lancet журналида чоп этилган глобал таҳлил натижаларига кўра, 1990 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда катта ёшли аҳоли орасида қандли диабет касаллиги тарқалиши 7 фоиздан 14 фоизгача ошиб, икки бараварга кўпайган. Энг юқори кўрсаткичлар паст ва ўрта даромадли мамлакатларда кузатилган.

Ушбу тадқиқот барча мамлакатларда қандли диабет ва уни даволаш кўрсаткичларининг илк глобал таҳлили бўлди. NCD-RisC олимлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда турли мамлакатларда ўтказилган 1000 дан ортиқ тадқиқотларни таҳлил қилди. Уларда иштирок этган 18 ва ундан катта ёшли 140 миллиондан зиёд одамнинг маълумотларидан фойдаланилди. Мамлакатлар ва минтақалар ўртасида касалликнинг тарқалиши ва даволаш усулларини юқори аниқликда таққослаш учун статистик воситалар қўлланди.

Тадқиқотда, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида тенгсизлик тобора ортиб бораётгани аниқланди. Дунё бўйлаб қандли диабетга чалиниш ҳолатларининг ярмидан кўпи тўртта мамлакатга тўғри келмоқда. 2022 йилда қандли диабет билан оғриган беморларнинг чорак қисмидан ортиғи (212 миллион) Ҳиндистонда, 148 миллиони Хитойда, 42 миллиони АҚШда ва 36 миллиони Покистонда яшовчилар бўлган. Индонезия ва Бразилияда эса мос равишда 25 миллион ва 22 миллион ҳолат қайд этилган.

Тинч океани, Кариб денгизи, Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг айрим орол давлатларида аёллар ва эркакларнинг 25 фоиздан ортиғи қандли диабет касаллигидан азият чекмоқда. Шу билан бирга, юқори даромадли Ғарб мамлакатлари орасида АҚШ (12,5 фоиз) ва Буюк Британияда (8,8 фоиз) қандли диабет билан касалланишнинг энг юқори кўрсаткичлари қайд этилган.

Аксинча, 2022 йилда қандли диабет тарқалиши Франция, Дания, Испания, Швейцария ва Швецияда аёллар орасида атиги 2-4 фоизни, Дания, Франция, Уганда, Кения, Малави, Испания ва Руандада эркаклар орасида 3-5 фоизни ташкил этган.

Дунё аҳолисининг қариши фонида семизлик билан оғриган одамлар сонининг кўпайиши сабаб диабет хавфи ортиб бормоқда.

“Қандли диабетнинг ногиронликка ва ўлимга сабаб бўлиши мумкин бўлган оқибатларини ҳисобга олсак, соғлом овқатланиш ва жисмоний машқлар ёрдамида диабетнинг олдини олиш бутун дунёда соғлиқни сақлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, — деди Ҳиндистондаги Мадрас диабет тадқиқотлари жамғармаси ҳаммуаллифи ва президенти доктор Ранжит Моҳан Анжана.

“Натижаларимиз, айниқса паст даромадли ҳудудларда, янада қатъийроқ чоралар кўриш зарурлигини кўрсатади. Булар носоғлом овқат истеъмолини чеклаш, соғлом овқатларни арзонлаштириш ва спорт билан шуғулланиш имкониятларини яхшилашдан иборат бўлиши керак. Бунга соғлом овқатлар учун субсидиялар ва мактабларда бепул тушлик жорий этиш, шунингдек сайр ва спорт майдончаларини тарғиб қилиш, жумладан, жамоат боғлари ва фитнес марказларига бепул кириш имкониятини яратиш каби тадбирлар орқали эришиш мумкин”.

Тадқиқотга кўра, қондаги қанд миқдорини пасайтириш учун самарали дорилар борлигига қарамай, муолажа йўқлиги тенгсизликнинг кучайишига олиб келмоқда. Даромади юқори бўлган мамлакатларда даволаниш кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланган. 2022 йилда уларда катта ёшдаги диабет билан оғриган беморларнинг 55 фоиздан ортиғи даволанган бўлса, паст ва ўрта даромадли кўплаб мамлакатларда даволанаётганлар улуши ёмонлигича қолган.

Натижада, 2022 йилда 30 ва ундан катта ёшли беморларнинг ярмидан кўпи (445 миллион ёки 59 фоиз) муолажа олмаган.

Тадқиқот етакчи муаллифи, Лондон Империал коллежи профессори Мажид Эззати шундай деди: “Паст даромадли мамлакатларда диабетга чалинган одамлар одатда ёш бўлади. Агар самарали даволанмаса, улар умр бўйи давом этадиган асоратлар хавфи остида қолади. Бу асоратларга оёқ-қўлларнинг кесилиши, юрак касалликлари, буйрак зарарланиши ёки кўриш қобилиятининг йўқолиши, баъзи ҳолларда эса эрта ўлим ҳам киради”.

ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус ҳам тадқиқот натижаларига фикр билдирди: “Сўнгги ўттиз йил давомида қандли диабет касаллигининг ташвишли даражада кўпайишига гувоҳ бўляпмиз. Бу ҳолат семизлик ортиши, носоғлом озиқ-овқатлар маркетингининг салбий таъсири, жисмоний фаоллик етишмаслиги ва иқтисодий қийинчиликлар туфайли янада кучаймоқда”.

Қандли диабетни ўрганиш бўйича Европа ассоциацияси президенти Шантал Мате ушбу касаллик соғлиқни сақлаш билан бир қаторда иқтисодиёт учун жиддий хавф туғдиришини таъкидлади.

Унинг қўшимча қилишича, сиёсатчилар “профилактика стратегияларини қўллаши, скрининг имкониятларини кенгайтириши ва узоқ муддатли бошқарувни такомиллаштириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаши зарур”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид