Спорт | 11:56 / 02.12.2024
11983
20 дақиқада ўқилади

Италияда футболчи ҳушидан кетди, «Сити» яна ютқазди. Кун ўйинлари

«Ливерпул»да +9, Мбаппе вазиятларни кўкка совуришда давом этмоқда. Якшанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: Гвардиола аянчли аҳволда

Фото: Carl Recine/Getty Images

«Ливерпул» – «Манчестер Сити» 2:0
Голлар:
1:0 – 12 Гакпо, 2:0 – 78, пеналти Салоҳ
«Ливерпул» – Келлеҳер, Робертсон, ван Дейк, Гомес, Александер-Арнолд (Куанса, 73), Мак Аллистер, Гравенберҳ, Собослаи, Гакпо (Нунес, 73), Салоҳ (Жонс, 84), Диас.
«Манчестер Сити» – Ортега, Аке, Аканжи, Рубен Диаш, Уокер, Гундўған (Савио, 58), Бернарду Силва, Матеуш Нунеш (Доку, 57), Фоден (де Брюйне, 79), Люис (Грилиш, 79), Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Матеуш Нунеш (24), Фоден (32), Гравенберҳ (36), Аканжи (45+1).

«Сити» охирги ойни жуда ёмон ўтказди, бунақаси Гвардиола даврида ҳеч қачон бўлмаганди. Беш мағлубият ва «Фейеноорд» билан мағлубиятга тенг дуранг. Ливерпулдаги ўйиндан кейин эса амалдаги чемпионлар учун вазият янада тушкун тус олди.

«Сити» Чемпионлар лигасидаги сўнгги ўйинда кўплаб вазиятлар яратган ва ғалабага ҳақлироқ ўйнаган бўлса, «Энфилд»да меҳмонлар шунчаки майдонда кўринмай қолди. Ўйиндаги биринчи зарба 38-дақиқага келиб берилди — Люиснинг зарбаси хато кетди. Тўп Ҳоландга умуман етиб бормади, «Ливерпул» эса танаффусга қадар ғолиб масаласини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди.

Бурчакдан тўп узатилганида ван Дейк икки марта ҳеч қандай қаршиликсиз зарба йўллади, биринчи марта тўп устунга тегди, иккинчисида устун ёнидан ўтиб кетди. Бошқа эпизодда Трентнинг жарима майдони чизиғи устидан йўллаган зарбаси устунни титратди. Биринчи бўлимдаги зарбалар кўрсаткичи — 10:1. «Ливерпул» Англиянинг амалдаги чемпиони эмас, аутсайдерга қарши ўйнаётгандек ҳаракатланди. Слот жамоасига ягона эътироз — вазиятлардан фойдаланиш борасида.

Биринчи бўлимда «Ливерпул» фақат бир бор дарвозани ишғол қилди. 12-дақиқада Трентнинг узун диагоналидан кейин Салоҳ жарима майдони ичида тўпга етиб борди ва дарвозабон ҳудудига тўп узатди, у ерда бўш турган Гакпо бир метр масофадан тўпни дарвозага киритиб юборди.

Голдан кейин ҳам «Ливерпул» босимни сусайтирмади: мезбонлар рақиб жарима майдони атрофида кучли прессинг қилишди ва рақиб футболчиларига қараганда тезкорроқ ҳаракатланишди. 

Иккинчи бўлимда «Сити» бироз ўзига кела бошлади. Гвардиола шогирдлари 10 сониядан кўпроқ давом этадиган  ҳужумлар уюштирди. Ваҳима ариди. Айниқса, Нунеш ўрнига туширилган Доку ўз финтлари билан Трентни доғда қолдириб, жарима майдонига хавфли рейдлар уюштирди. 

Барибир энг хавфли вазиятларни мерсисайдликлар яратишди. «Ливерпул» кичик ва катта имкониятларини кўкка совуришда давом этди. Масалан, Салоҳ яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади.

78-дақиқада эса айнан мисрлик ҳужумчи пеналтини аниқ ижро этиб, амалда интригани ўлдирди. Бу ушбу футболчи учун жорий мавсумда барча турнирлар доирасидаги 20 ўйиндаги 24-голли ҳаракат бўлди.

«Сити»да 83-дақиқада битта жавоб голи уриш учун имкон бўлди, ван Дейк қўпол хатога йўл қўйиб, тўпни бир неча дақиқа олдин захирадан тушган де Брюйнега олдириб қўйди, аммо Келлеҳер қаҳрамонлик кўрсатди. Бу меҳмонларнинг ўйинда дарвоза соҳасига тўғри борган ягона зарбаси бўлиб қолди.

Сўнгги дақиқаларда «Ливерпул» фанатлари Гвардиолага қарата шундай сўзлар билан куйлашди: «Сен тонггача ишдан ҳайдаласан». Мураббий эса бунга жавобан олтита бармоғини кўрсатиб, неча марта Англия чемпионлигини қўлга киритганини эслатиб қўйди.

«Ливерпул» ишончли ғалабани сақлаб қолди ва АПЛ турнир жадвалидаги биринчи ўринни мустаҳкамлади — иккинчи ўриндаги «Арсенал» билан орадаги фарқ тўққиз очкони ташкил этмоқда. Арне Слот жамоаси барча турнирлар доирасидаги ғалабали сериясини етти ўйинга етказди. «Сити» эса навбатдаги мағлубиятдан кейин кучли тўртликдан тушиб кетди — пешқадамдан 11 очкога ортда қолаётган «шаҳарликлар» бешинчи поғонада жойлашган.

«Манчестер Юнайтед» – «Эвертон» 4:0
Голлар:
1:0 – 34 Рэшфорд, 2:0 – 41 Зиркзе, 3:0 – 46 Рэшфорд, 4:0 – 64 Зиркзе.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес, де Лигт (Магуайр, 56), Мазрауи (Шоу, 56), Бруну Фернандеш (Угарте, 66), Рэшфорд, Диогу Далот, Каземиро (Гарначо, 66), Майну (Маунт, 80), Диалло, Зиркзе.
«Эвертон» – Пикфорд, Миколенко, Брэнтуэйт, Тарковски (О'Брайен, 82), Янг (Паттерсон, 73), Гуйе (Мангаля, 67), Дукуре, Ндиай, Макнил, Линдстрем (Ҳаррисон, 67), Бету (Калверт-Люин, 67).

Пайшанба куни «Олд Траффорд» Рубен Аморимнинг Англиядаги илк ғалабасига гувоҳ бўлганди. Уч кун ўтиб португалиялик мутахассис АПЛдаги илк ғалабасига ҳам эришди. Қолаверса, бу жамоа сўнгги уч йил ичида илк бор тўрт гол фарқи билан ғалаба қозониши бўлди, бунақаси Эрик тен Ҳаг бошқаруви даврида кузатилмаганди. 

Биринчи бўлимнинг иккинчи қисмида Бруну Фернандеш иккита голли ассист амалга оширди. У мураббий ким бўлишидан қатъи назар стандарт вазиятда оригинал нарса ўйлаб топиши мумкин. Португалиялик футболчи «Эвертон» вакилларини корнердан жарима майдони чизиғи яқинига узатма бериш орқали ҳайрон қолдирди, у ерда турган Рэшфорд кучли зарба берди ва тўп ҳимоячилардан бирига теккан ҳолда йўналишини ўзгартириб дарвозага бориб тушди. Иккинчи голли ҳужумда эса мезбонларнинг ажойиб прессингини жамоа ўйинидаги янгилик дейиш мумкин.

Янги мураббий бошқарувида Рэшфорднинг сермаҳсул ўйин кўрсатишга қайтмоқда, Диалло эса тен Ҳагнинг охирги ҳафталарида ҳам ёмон эмасди, аммо янги схемада янада курашувчанлик намойиш этмоқда. Бу ўйиндаги икки голли ҳужум ҳам Диалло қанотда тўпни олиб қўйиши билан бошланди. Лекин мезбонлар учун барчаси силлиқ кечмади: Майну ва Лисандро Мартинес ортиқча сариқ карточкаларини олишди ва энди ҳафта ўртасида «Арсенал»га қарши кечадиган ўйинни ўтказиб юборишади.

«Челси» – «Астон Вилла» 3:0
Голлар:
1:0 – 7 Жексон, 2:0 – 36 Фернандес, 3:0 – 83 Палмер.
«Челси» – Санчес, Кукуреля, Колуилл, Фофана (Бадяшил, 60), Кайседо, Фернандес, Лавия (Гюсто, 86), Палмер (Жоау Феликс, 86), Санчо (Мадуэке, 71), Нету, Жексон (Нкунку, 71).
«Астон Вилла» – Мартинес (Олсен, 46), Дин, Пау Торрес, Конса, Кэш, Тилеманс, Камара (Баркли, 62), Макгинн, Роджерс (Дуран, 66), Филоджин-Байдейс (Бэйли, 66), Уоткинс (Буэндиа, 84).

«Астон Вилла» инқирозда. Жамоанинг сўнгги ғалабаси 22 октябр куни рўй берганди, ўшанда бирмингҳемликлар Чемпионлар лигасида «Болоня»ни мағлуб этишганди. Шундан кейин Унаи Эмери жамоаси Лига кубогидан чиқиб кетди, еврокубокдаги икки ўйинда биргина очко олди, АПЛда эса тўрт турда икки бор ютқазиб, икки бор дуранг ўйнади. Шунинг учун «Стэмфорд Бриж»да барчаси ўзгаришини кутиш қийин эди.

Умуман олганда, Жексоннинг тезкор голидан кейин ҳеч қандай мўъжизадан умид қолмади. Ва агар Эмилиано Мартинеснинг сейвлари бўлмаганида биринчи бўлимнинг ўзида ҳисоб йирик кўринишга келиши мумкин эди. Шу билан бирга, эпизодлардан бирида аргентиналикнинг ўзи Жексонга тўпни топшириб қўйиб муаммо келтириб чиқарди ва форварднинг оёқларига ташланган ҳолда хатосини тузатди. Бўлим охирига бориб Дибу ватандоши Энцо Фернандеснинг зарбаси қаршисида ожиз қолди, аргентиналик футболчи Палмер билан девор услубида ўйнаб, шведка зарбасини йўллади.

Мартинес жароҳат туфайли иккинчи бўлимга чиқмади, унинг ўрнига тушган Улсен охирги дақиқага қадар қутқариб турди, аммо Палмер уни барибир доғда қолдирди. Бу ушбу яримҳимоячининг АПЛдаги 30-голи бўлди, «Челси»нинг бирор футболчиси 2017 йилдан буён бундай сермаҳсуллик намойиш этмаганди. Кўклар турнир жадвалида «Арсенал» билан ёнма-ён кетаётгани ва «Манчестер Сити»ни ортда қолдиргани бежиз эмас.

«Тоттенҳэм» – «Фулҳэм» 1:1
Голлар:
1:0 – 54 Жонсон, 1:1 – 67 Кэрни.
«Тоттенҳэм» – Форстер, Удоджи, Дэвис, Дрэгушин, Порро, Мэддисон (Бергвалл, 85), Биссума, Сарр (Грэй, 85), Вернер (Кулусевски, 68), Сон Ҳён Мин, Жонсон.
«Фулҳэм» – Лено, Робинсон, Басси, Диоп, Тете, Берге, Лукич (Кэрни, 62), Нелсон (Уилсон, 62), Смит-Роу (Кастан, 86), Ивоби (Сессенон, 86), Хименес (Родриго Муниз, 78).
Четлатиш: Кэрни (83).

«Тоттенҳэм» «Ноттингҳем»дан ўзиб кетиш ва «Брентфорд» ҳамда «МЮ» билан орадаги фарқни узайтириш имкониятидан фойдалана олмади. Жонсоннинг мавсумдаги ўнинчи голи ҳам ёрдам бермади. Уэлслик футболчининг голига Кэрни жавоб қайтарди, у охирги марта АПЛ сафар ўйинида ўн тўрт йил (!) муқаддам гол урганди. Ушбу яримҳимоячи кейинроқ қизил карточка олиб, «Фулҳэм»нинг вазифасини қийинлаштирди, аммо меҳмонлар дуранг ҳисобни сақлаб қолишди.

Испания: Жуд ҳал қилди

«Реал» – «Хетафе» 2:0
Голлар:
1:0 – 30, пеналти Беллингҳем, 2:0 – 38 Мбаппе.
«Реал» – Куртуа, Фран Гарсия, Рюдигер, Асенсио, Васкес, Беллингҳем (Гюлер, 46), Себалйос, Валверде, Браим Диас, Мбаппе, Родриго (Модрич, 67).
«Хетафе» – Сория, Рико, Беррокал (Сантяго, 78), Дуарте, Иглесиас, Карлес Перес (Сола, 66), Алдерете, Миля, Ниом (Уче, 46), Арамбарри (да Коста, 46), Родригес (Петер Федерико, 89).

Ўйиндан олдин Opta «Реал»нинг натижалари жароҳат олган Винисиус Жуниорга қарам бўлиб қолмаслигини кўрсатувчи ўзига хос статистикани келтирди. У майдонда эканида мадридликлар ўйинларининг 64,5 фоизида ғалаба қозонган. Усиз — 67,6 фоизида ва «Хетафе» билан учрашувдан кейин бу кўрсаткич янада яхшиланди. Карло Анчелотти Родриго ва Лукас Васкес сафга қайтганидан енгил тин олди, бу Валвердени ўнг қанот ҳимоячиси позициясидан майдон марказига қайтаришга имкон берди.

Яна бир ижобий ҳолат — Беллингҳем формасини яхшилаётганида, у якшанба куни ҳисобни очишдан ташқари битта пас билан рақиб ҳимоячиларини доғда қолдириб, Мбаппени голли вазиятга чиқарди. Англиялик яримҳимоячи дарвозабон билан тўқнашув туфайли иккинчи бўлимга чиқмади. Унда жиддий жароҳат йўқ, аммо мураббийлар штаби мия чайқалиши гумони туфайли асрашга қарор қилишди. Жуд биринчи бўлимда бажарган ишлар эса режадаги ғалаба учун етарли бўлди. 

Мадридликлар ҳисобни йирик кўринишга келтириши мумкин эди. Браим ажойиб имкониятдан фойдалана олмади, Сория Валверденинг узоқдан йўллаган кучли зарбасини қайтарди, Мбаппе эса умуман ғалати иш қилди: дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, уни алдаб ўтди, ўнгроққа кўчди ва шунчаки зарба беришни чўзиб юбориб, олис бурчакни аниқ нишонга ололмади.

Кейин яна бир вазиятдан фойдалана олмади — бу сафар Сория дуэлда устун келди. Унда янги жамоага мослашиш давом этмоқда.

«Реал» хотиржамлик билан ғалаба қозониб, «Атлетико»ни бир очкога ортда қолдирмоқда ва турнир жадвали пешқадами «Барселона»ни атиги бир очколик фарқ билан таъқиб қилмоқда — «Валенсия»га қарши қолдирилган учрашувдаги ғалаба эса биринчи ўринга олиб чиқади.

Италия: яна бир футболчи ҳушини йўқотди

Италия чемпионатининг 14-турида «Фиорентина» ва «Интер» ўртасидаги марказий учрашув охирига етмай қолди. Биринчи бўлимнинг 17-дақиқасида тиббиёт ходимлари мезбонларнинг 22 ёшли яримҳимоячиси Эдоардо Бовега ёрдам кўрсатиш учун майдонга чиқиб келди.

Фото: Gabriele Maltinti/Getty Images

Футболчи ҳушини йўқотиб, газонга йиқилди ва ҳаракатсиз ётди. Унинг атрофида икки жамоа футболчилари тўпланди ва уни камералардан тўсиб туришди. Айрим футболчиларнинг кўзлари ёшланди.

Фото: Gabriele Maltinti/Getty Images

Кейин Бовени замбилга солиб, бурчакдаги байроқча олдига олиб боришди, бу ерда тез ёрдам машинаси кутиб турганди ва  футболчи шошилинч тарзда шифохонага олиб кетилди.

Фото: Gabriele Maltinti/Getty Images

Ўйин арбитри Даниэле Довери дарҳол учрашувни тўхтатиб, жамоаларни трибуналар остига олиб кетди. Кейинроқ ўйинни бошқа кунга қолдириш ҳақида қарор қабул қилинди: футболчилар ҳам, томошабинлар ҳам ҳодисадан шок ҳолатига тушганди.

«Фиорентина» клубининг охирги хабарига кўра, италиялик футболчи ўзига келган, аммо ҳамон фармакологик тинчлантириш остида жонлантириш бўлимида даволанмоқда.

«Бове барқарор гемодинамик ҳолатда келтирилган ва дастлабки кардиологик ҳамда неврологик текширувлар натижасида марказий асаб тизими ва юрак-нафас тизимида ўткир шикастланиш йўқлиги аниқланган», дейилган хабарда.

Бове «Рома» тарбияланувчиси ҳисобланади, Италия ёшлар жамоасида 14 ўйин ўтказган, «Фиорентина»га 2024 йил ёзида ўтган. А Сериянинг жорий мавсумида 11 ўйинда майдонга тушиб, бир голга муаллифлик қилган.

«Фиорентина» А сериияда учинчи ўринда бормдқда. Жамоа 13 турда 28 очко тўплаган. «Интер»да ҳам шунча, аммо миланликлар ҳозирча қўшимча кўрсаткичлар эвазига «фиалкалар»дан олдинда.

«Парма» – «Лацио» 3:1
Голлар:
1:0 – 6 Ман, 2:0 – 53 Ҳож Муҳаммад, 2:1 – 80 Кастелянос, 3:1 – 90+1 Дел Прато.
«Парма» – Судзуки, Валери, Балог, Леони (Эно, 71), Дел Прато, Зом, Кейта (Эстевес, 46), Канчелиери (Бенедичак, 82), Ҳож Муҳаммад (Камара, 70), Ман, Бонни (Шарпанте, 46).
«Лацио» – Проведел, Пеллегрини, Романиоли, Хила, Ладзари (Марушич, 82), Деле-Баширу (Педро, 46), Ровелла (Нослин, 89), Гендузи, Дзаккани, Кастелянос, Исаксен (Тшауна, 65).

«Торино» – «Наполи» 0:1
Гол:
0:1 – 31 Мактоминей.
«Торино» – Милинкович-Савич, Мазина (Соса, 76), Коко, Валюкевич, Войвода (Карамо, 75), Гинейтис, Линетти (Влашич, 64), Риччи, Педерсен (Лазаро, 46), Санабрия (Нджи, 64), Адамс.
«Наполи» – Мерет, Оливера, Буонджорно, Ррахмани, Ди Лоренцо, Мактоминей, Лоботка, Замбо-Ангисса (Фолоруншо, 87), Кварацхелия (Нерес, 80), Лукаку (Симеоне, 87), Политано (Спинаццола, 75).

Якшанба кунги биринчи ўйинда «Лацио» кутилмаганда Пармада мағлубиятга учради. Римликлар беш ғалабадан иборат серияни тўхтатди ва кучли тўртликдан тушиб кетди. «Наполи» эса рақибларининг натижаларидан қатъи назар биринчи ўринда қолишини таъминлади. Ҳал қилувчи ҳужумда Кварацхелия икки ҳимоячи орасидан жарима майдонига кириб борди ва тўпни Мактоминайнинг оёғига ташлаб берди. Антонио Конте жамоаси учун ҳисобни очиб олганидан кейин уч очкони сақлаб қолиш муаммо эмас ва жамоа тўққизинчи марта дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Бу мавсумда топ-5 лигаларда бундан кўпроқ «қуруқ» ўйинни фақат «Ювентус» ўтказган, аммо туринликлардан фарқли ўлароқ неаполитанликлар гол ҳам уришмоқда. Ҳар доим ҳам кўп эмас, тўрт бор 1:0 ҳисобида ғалаба қозонилган — аммо бу турнир жадвалида 12 очко дегани.

«Лечче» – «Ювентус» 1:1
Голлар:
0:1 – 68 Камбиязо, 1:1 – 90+3 Ребич.
«Лечче» – Фалконе, Галло (Перотти, 84), Баскиротто, Гашпар, Гилбер, Рамадани (Каба, 75), Кулибали, Моренте (Ребич, 75), Доргу, Рафя (Уден, 81), Крстович.
«Ювентус» – Перин, Камбиязо, Калулу, Гатти (Руҳи, 63), Данило, Тюрам (Фаджоли, 63), Локателли, Йилдиз (Мбангула, 75), Копмейнерс, Франсишку Консейсау (Пугно, 84), Веа.

Ўйин кунини «Ювентус» ёпиб берди, жамоа асосий тўпурари Влаҳовичсиз ўйнашда давом этмоқда. Турнир жадвалининг қуйи қисмидаги рақибни усиз ҳам мағлуб этиш мумкиндек кўринганди. Биринчи бўлимда ҳисоб очилмай қолди, Франсишку Консейсаунинг зарбаси устунга тегди. Танаффусдан кейин эса Камбиязо меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, аммо Италиянинг энг яхши мудофааси қўшимча дақиқаларда хатога йўл қўйди. Крстович қанотдан узатма берди, бу мавсумни «Лечче» сафида ўтказаётган Ребич Италиядаги севимли жамоаси дарвозасига навбатдаги голини урди (жами 5 гол). «Кекса синиора» турнир жадвалида «Лацио»ни қувиб ўтиш имкониятидан фойдалана олмади ва олтинчи ўринда қолди. Бу туринликлар учун жорий йил бошидан буён 18 бор дуранг ўйнаши бўлди, бунақаси тарихда биринчи марта рўй бермоқда.

Германия: «Айнтрахт» «Бавария»га яқинлашмоқда

«Ҳайденҳайм» – «Айнтрахт» Ф 0:4
Голлар:
0:1 – 22 Мармуш, 0:2 – 49 Шаиби, 0:3 – 58 Мармуш, 0:4 – 90+4 Экитик.
«Ҳайденҳайм» – Мюллер, Гимбер, Майнка, Мэлоуни (Шиммер, 55), Ференбаҳ, Дорш (Бек, 82), Шеппнер, Буш, Сиенза (Ҳонзак, 55), Ваннер (Конте, 46), Кауфманн (Бройниг, 68).
«Айнтрахт» Ф – Трапп, Теате, Кох, Тута (Коллинз, 68), Кристенсен, Браун (Экитик, 73), Ларссон (Ҳейлунд, 79), Схири, Гётце (Кнауфф, 68), Мармуш, Матанович (Шаиби, 46).
Огоҳлантиришлар: Тута (33), Теате (90+3).

«Айнтрахт» суръатни туширмаяпти, «Ҳайденҳайм»да эса бу жамоага қарши туриш учун шунчаки куч ва ресурслар етишмади. Дебют мавсумида сенсация кўрсатиб еврокубокларга йўлланма олганидан кейин бу жамоа толиқиб қолди. Ноябр ва декабр оралиғидаги тиғиз тақвимда жамоа тўққиз кун ичида «Байер» (2:5), «Челси» (0:2) ва «Айнтрахт» билан ўйнашига тўғри келди. Якунда Дино Топпмеллер жамоаси ғалабали сериясини (7) давом эттириб, «Бавария» билан орадаги фарқни тўрт очкогача қисқартирди. Дубл қайд этган Мармуш эса ўн уч турдан кейин «бир ўйинда бир гол» графиги бўйича кетмоқда.

Кун статистикаси

«Ливерпул» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ «Манчестер Сити» билан ўйинлардаги 12-голини урди — у Хосеп Гвардиола жамоасига қарши ўйинлардаги энг яхши тўпурар.

«Лилл» ҳужумчиси Жонатан Дэвид йил бошидан буён урган голлари сонини 34 тага етказди. Клуб тарихида сўнгги 75 йилликда бу Фернан Девламинкадан кейинги иккинчи натижа, у 1957 йилда жамоа рақиблари дарвозаларига 39 бор тўп киритганди.

Салоҳ Англиядаги фаолияти давомида 36 ўйинда ҳам гол уриб, ҳам голли узатма муаллифи бўлган. Мисрлик бу борада Уэйн Руни томонидан ўрнатилган АПЛ рекордини такрорлади.

«Манчестер Сити» ўйиндаги биринчи зарбасини йўллаши учун 39 дақиқа талаб этилди. Бу 2010 йил апрелидан буён максимал натижа, ўшанда «Арсенал» «шаҳарликлар»га фақат 58-дақиқага келиб илк зарбани йўллашга имкон берганди.

«МЮ» яримҳимоячиси Бруну Фернандеш АПЛдаги голли узатмалари сонини 36 тага етказди. У Бернарду Силвани ортда қолдириб, турнир тарихидаги энг яхши португал ассистентга айланиб олди.

«Ливерпул» АПЛдаги уй ўйинларида биринчи бўлимдан кейин ҳисобда олдинда борганида 149 ўйиндан буён ютқазмаган. Айни вақтда бу серия қаторасига 31 уй ғалабасини ҳам ўз ичига олади.

«Лион» ҳужумчиси Ляказетт топ-5 лигалардаги голлари сонини 205 тага етказди. Бу француз футболчилари орасида еттинчи натижа, рейтингни Карим Бензема бошқармоқда (281).

Тибо Куртуа «Реал» сафида 250-ўйинини ўтказди.

 

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид