Жаҳон | 20:17 / 04.12.2024
3379
2 дақиқада ўқилади

Украина учун янги ҳарбий сафарбарлик жуда муҳим – Блинкен

АҚШ Давлат котиби сўзларига кўра, Украинада пул бўлса ҳам, ўқ-дорилари бўлса ҳам, олдинги сафда Россия тажовузига қарши тура оладиган одамлар бўлиши керак.

Фото: AP

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг фикрича, Украина ҳукумати Россия босқинига қарши туриш учун янги ҳарбий сафарбарлик борасида «қийин қарор» қабул қилиши керак. У Брюсселда НАТО ташқи ишлар вазирлари саммити бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида бу ҳақда гапирди.

Блинкендан НАТО Россия билан эҳтимолий музокаралар олдидан Киев позициясини мустаҳкамлаш учун қандай аниқ чораларни таклиф қилаётгани сўралди.

АҚШ Давлат котибининг жавоб беришича, НАТО вазирлари, хусусан, Украинани иқтисодиёти ва мудофаасини қўллаб-қувватлаш учун зарур молия ва ресурслар билан таъминлаш, шунингдек, мамлакатни қурол-яроғ билан таъминлаш масалаларини муҳокама қилган. У яна бир чора сифатида ҳарбий сафарбарликни номлади.

«Бу жуда муҳим. Чунки уларда пул бўлса ҳам, ўқ-дорилари бўлса ҳам, олдинги сафда Россия тажовузига қарши тура оладиган одамлар бўлиши керак. Украина янги ҳарбий сафарбарлик ҳақида қийин қарорлар қабул қилиши керак, аммо бу зарур қарорлар. Мақсадимиз сафарбар қилинган ҳар бир аскарнинг мамлакатни самарали ҳимоя қилиш учун зарур тайёргарлик кўриши ва кўмак олишини таъминлашдир», деди Блинкен.

Ноябр ойи охирида AP ва Financial Times газеталари Қўшма Штатлар Украинани ўз қонунчилигини зудлик билан қайта кўриб чиқишга ва қуролли кучлари сонини тезда ошириш учун сафарбарлик чақирув ёшини 25 ёшдан 18 ёшга туширишга чақираётгани ҳақида хабар берди.

Украина президенти Володимир Зеленский ушбу хабарларни изоҳлар экан, муаммо фронтдаги ҳарбийлар сонида эмас, балки Украина Қуролли кучларининг аллақачон тузилган бригадаларини қурол-яроғ ва техника билан етарли даражада таъминланмаганида эканини айтди. Ўз навбатида, Украина Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Георгий Тихий Киев ўз иттифоқчилари билан сафарбарлик ёшини пасайтириш масаласини муҳокама қилганини тасдиқлади.

Мавзуга оид