Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суриядаги уруш: яна бир йирик шаҳар исёнчилар қўлига ўтди
Ўтган ҳафтада юришнинг илк кунларида Ҳалабни эгаллаган мухолифатчилар пойтахт Дамашқ томон юришда давом этмоқда ва мамлакатнинг тўрт йирик шаҳридан бири бўлмиш Ҳамага кирди.
Суриядаги мухолифат кучлари пайшанба куни Ҳама шаҳри эгаллангани ҳақида эълон қилди. Суриялик ҳарбийлар шиддатли тўқнашувдан кейин ушбу муҳим шаҳардан чекинганини тасдиқлаган. Исёнчилар ўтган ҳафтада 2016 йилдан буён илк бор мамлакатдаги иккинчи энг йирик шаҳар Ҳалабга кирганди.
Ҳама эгаллангани — Ҳалабдан пойтахт Дамашққача бўлган масофанинг учдан бир қисми босиб ўтилганини англатади; ушбу шаҳар Суриядаги фуқаролик уруши бошланганидан буён ҳукумат кучлари назоратида қолганди.
Исёнчилар қўмондони Ҳасан Абдул Ғани пайшанба куни тонгида ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида исёнчилар Ҳамага киришни бошлагани ва унинг маркази томон бир неча йўналишда ҳаракатланаётганини айтганди.
Кейинроқ Ғани X ижтимоий тармоғи орқали Ҳама марказий қамоқхонасидан юзлаб маҳбуслар озод этилгани ҳақида ёзган.
Al Jazeera телеканали шаҳардаги йўллар кесишмасида тинч аҳоли исёнчиларни қандай қарши олаётгани акс этган кадрларни намойиш этган. Бошқа кадрларда Ҳама бўйлаб машиналар ва мопедларда ҳаракатланаётган ҳарбийлар акс этган.
Сурия армияси аввалига исёнчилар Ҳама шаҳрининг бирор туманига киргани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини айтишганди. Сурия мудофаа вазирлиги баёнотида ҳарбийлар шаҳар чеккасидаги «мустаҳкам» мудофаа чизиқларида тургани айтилганди.
Аммо кейинроқ армия раҳбарияти шаҳар исёнчилар қўлига ўтганини тан олди. Навбатдаги баёнотда айтилишича, шиддатли тўқнашувлардан кейин армия бўлинмалари ўз жойлашувини Ҳама ташқарисига кўчиришга мажбур бўлган — «тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш ва шаҳар кўчаларида жанг олиб бормаслик учун», дейилган баёнотда.
Ўтган ҳафтада исёнчилар мамлакатдаги иккинчи энг йирик шаҳар Ҳалабга кирган ва шундан буён Идлиб ва Ҳалабдан жанубга, пойтахт Дамашқ томон юришни давом эттираётганди, сешанба куни Ҳама шимолидаги стратегик тепаликлар эгалланганди.
Ҳама 2011 йилда Башар Асадга қарши намойишлар ортидан бошланган фуқаролик уруши давомида ҳукумат кучлари қўлида қолганди. Унинг қулаши Дамашқда ва Асаднинг россиялик ҳамда эронлик иттифоқчиларида шок келтириб чиқарди, дея қайд этади Reuters ўз хабарида.

Ҳама — Ҳалабдан Дамашққа қадар йўлнинг учдан бир қисмидир, унинг эгалланиши мамлакатдаги яна бир йирик шаҳар Ҳомс томон йўл очади, ушбу шаҳар Суриянинг аҳоли энг кўп яшовчи регионларини, хусусан, пойтахтни Ўрта ер денгизи соҳилларида, Россия базалари жойлашган Тартус ва Латақия билан боғловчи йўллар чорраҳасида жойлашган.
Ҳамада, 1982 йилда Асадлар сулоласи томонидан шафқатсизлик билан бостирилган исён бўлиб ўтган шаҳарда чоршанба куни интернет ўчириб қўйилган, кўчалар эса бўшаб қолган, деб ҳикоя қилади оиласи шаҳарда қолган Reuters суҳбатдоши.
Исёнчиларнинг ютуқларини россиялик ҳарбийлашган блогерлар ҳам тан олган. «Ҳамада чиндан ҳам барчаси ёмон, ҳатто жангариларнинг баёнотларининг икки ёки учдан бир қисмини олсак ҳам. Ҳатто Суриядаги ярим расмий пабликлар жангарилар шаҳарнинг шарқий чеккаларида ҳаракатланаётганини тасдиқламоқда, ғарбда ҳам вазият силлиқ эмас», — дея изоҳлаган РФ мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланувчи Rybar телеграм-канали (1,3 млн обуначиси бор).
Кўп йиллик танаффусдан кейин Сурияда кенг кўламли фуқаролик уруши қайтадан бошланиши Яқин Шарқ минтақасини янада беқарорлаштириши мумкин.
Суриядаги энг жанговар сунний гуруҳ ўтмишда «Ал-Қоида»нинг ушбу мамлакатдаги бўлими бўлган «Хайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи ҳисобланади. ҲТШ етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жўланий Сириядаги диний озчиликни ҳимоя қилишга ваъда берган ва аҳолини Асаддан юз ўгиришга чақирган, аммо кўпчилик ҳамон исёнчилардан қўрқади, дея ёзади Reuters.
Чоршанба куни ал-Жўланий Ҳалабнинг тарихий қалъасига ташриф буюрди, бу исёнчилар учун рамзий палла бўлди, улар 2016 йилда кўп ойлик қамал ва шиддатли жанглардан кейин ушбу шаҳардан сиқиб чиқарилганди — бу уларнинг фуқаролик урушидаги энг катта ва энг оғриқли мағлубияти бўлганди.
Ҳалаб аҳолиси озиқ-овқат ва ёнилғи тақчиллиги юзага келганини айтмоқда, алоқа хизматлари ҳам ўчирилган.
Ҳамага юриш қилаётган исёнчи кучлар сафида Туркия томонидан қўллаб-қувватланувчи Сурия миллий армияси коалицияси ҳам бор, ушбу кучлар сўнгги йиллар мобайнида Туркия ва Сурия чегарасидаги ҳудудни ўз назоратида ушлаб турганди.
Анқара исёнчиларнинг ўтган ҳафтада Ҳалабга қилган кутилмаган юришидаги иштирокини рад этган.
Россия ва Эрон Асад 2015-2020 йиллар давомида Суриянинг катта ҳудуди ва барча асосий шаҳарларини ўз назоратига қайтаришида ҳал қилувчи ролни ўйнаганди. Ҳозир ҳам улар ёрдам кўрсатишни ваъда қилмоқда.
«Вазият баҳоланишига қараб, жангариларни енгиш ва бу таҳдидларни бартараф этиш учун Сурия ҳукуматига зарур бўлган ёрдам даражаси ҳақида гапириш мумкин бўлади», — деди пайшанба куни Кремл вакили Дмитрий Песков. Унинг сўзларига кўра, Москвадагилар Суриядаги воқеаларни «жуда диққат билан кузатиб бормоқда».
АҚШ аввалроқ исёнчиларнинг кутилмаган юришига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилганди. Оқ уйдагилар фикрича, «сиёсий жараёнда иштирок этиш»дан бош тортган Асад ҳукумати исёнчиларнинг муваффақияти учун шароит яратган.
Сўнгги ҳафтада Сурия шимолида ҳукуматга хайрихоҳ кучлар ҳалокатга юз тутиши Сурия, Россия ва Эроннинг алянси дуч келган қийинчиликларни юзага чиқармоқда. Россия 2022 йил февралидан буён бор эътиборини Украинадаги урушга қаратган, Сурия можаросидаги кучли томон сифатида иштирок этган Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» эса Исроил билан урушида оғир йўқотишларга учраб, кучсизланган.
Мавзуга оид
08:33 / 02.06.2026
Венада Асад даври генерали устидан суд бошланди
08:29 / 01.06.2026
Ўзбекистон Сурияга маҳсулот экспорт қилишни бошламоқчи
20:33 / 30.05.2026
«Меҳр» операциялари натижасида 530 дан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтарилди
18:07 / 30.05.2026