Жаҳон | 17:29 / 09.12.2024
6028
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президентига мамлакатдан чиқиш тақиқланди

Президент Юн Сок Ёл давлатга хиёнат ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Полиция унинг сўроқ қилиниши мумкинлигини истисно этмади.

Фото: AP

Жанубий Корея Адлия вазирлиги президент Юн Сок Ёлнинг мамлакатни тарк этиши тақиқланганини маълум қилди, деб хабар беради Yonhap агентлиги.

Қайд этилишича, вазирликка тақиқ бўйича ариза Жанубий Корея Коррупцияга қарши тергов бошқармаси томонидан киритилган. Бошқарма бош прокурори О Дон Ун парламент эшитувида терговчиларга яқинда жорий этилган ҳарбий ҳолат сабаб президентнинг мамлакатдан чиқишини тақиқлашга эришишни топширганини маълум қилган.

Жанубий Корея полицияси, шунингдек, 4 декабр куни жорий этилган ҳарбий ҳолат бўйича «исён иши»да тергов ўтказилаётгани боис президентнинг сафарларига ҳам тақиқ қўйиш масаласини кўриб чиқяпти. Бундан ташқари, Юн Сок Ёл давлатга хиёнат ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Полиция унинг сўроқ қилиниши мумкинлигини истисно этмади.

7 декабр куни Жанубий Кореянинг ҳукмрон «Халқ ҳокимияти» партияси аъзолари Миллий ассамблеяда президент Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш таклифи бўйича овоз бериш жараёнини бойкот қилиб, зални тарк этганди. Президентга импичмент тўғрисида қарор қабул қилиш учун депутатларнинг 200 та овозини тўплаш керак, бу парламент аъзолари умумий сонининг 2/3 қисмини ташкил қилади. Миллий ассамблеядаги 300 ўриндан 192 тасига эга бўлган мухолифат блоки кўпчиликни қўлга киритиш учун ҳукмрон «Халқ ҳокимияти» партиясидан камида 8 депутатнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож эди.

8 декабр куни Жанубий Корея собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилишидаги иштироки учун ҳибсга олинди. Маълумотларга кўра, айнан мудофаа вазири президент Юн Сок Ёлга ҳарбий ҳолатни жорий этиш таклифини берган.

Мавзуга оид