Ўзбекистон | 12:22 / 09.12.2024
2081
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда "Ўзбек-француз" университети ташкил этилади

Ўзбекистон дипломатлари Франциянинг Campus France агентлиги бош директори Донатен Хиссар билан учрашув ўтказдилар.

Фото: "Дунё" АА

Донатен Хиссар охирги 5 йил ичида жаҳонда талабалар алмашинуви 248 миллион нафар, яъни 25 фоизга ошганига эътибор қаратди. 2016-2021 йиллар мобайнида чет элга таълим олиш учун юборилган талабалар сони бўйича Германиядан сўнг (126,3 минг нафар) Ўзбекистон ўнталик рейтингда 5 ўринга (109 945 нафар, +234 фоиз) чиққанлиги алоҳида таъкидланди.

Франция вакили ушбу ижобий динамикадан келиб чиқиб, Ўзбекистон билан таълим соҳасида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Франция олий ўқув юртлари Ўзбекистонда улкан инсон капитали, республиканинг бой илмий-таълим базасини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимиз таълим бозорида иштирок этишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Тошкентда ташкил этилаётган "Ўзбек-француз" университети икки мамлакат ўртасида таълим соҳасида кўплаб имкониятларни очиб бериши, хусусан, талабалар алмашинувини янада кучайтиришига хизмат қилиши қайд этилди.

Томонлар 2025 йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган учинчи "Ўзбек-француз" таълим форумини юқори савияда ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Бундан ташқари, Франциянинг иқлим ўзгариши, экология, атроф муҳит ва барқарор ривожланиш йўналишларидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзбекистонлик талабаларни билим ва кўникмаларини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид