Ўзбекистон | 18:11 / 12.12.2024
2465
3 дақиқада ўқилади

Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади

Президент ҳузуридаги йиғилишда жаҳон бозорида тола нархи пасайиб бораётган шароитда Ўзбекистонда тола ва ип калавани чуқур қайта ишлашни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 12 декабр куни тўқимачилик ва чарм саноатидаги ислоҳотлар натижадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Қайд қилинишича, бу тармоқлар аҳоли бандлиги ва экспортда катта ўринга эга. Хусусан, бундай корхоналарда 430 минг фуқаро иш билан таъминланган. Енгил саноатнинг жами ишлаб чиқаришдаги улуши 14 фоизни, экспортда 16 фоизни ташкил қилади.

Таъкидланишича, ташқи бозордаги вазият ўзгарган: экспорт нархлари ип калавада 9 фоизга, газламада 15 фоизга, тайёр маҳсулотда 13 фоизга тушган. Асосий экспорт бозорларимизда тайёр маҳсулот олиш камайган.

Йиғилишда бу вазиятга мослашиб ишлаш, ички имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш чоралари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, январ-ноябр ойларида тўқимачилик экспорти 2,6 миллиард долларни ташкил қилди. Соҳадаги имкониятлар ҳисобига буни ошириш мумкинлиги таъкидланди.

Жаҳон бозорида тола нархи пасайиб бораётган шароитда тола ва ип калавани чуқур қайта ишлашни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналарини қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Бу орқали ип калавани қайта ишлаш даражасини 70 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, бу йил қўй ва эчки териси экспортидан 10 фоизлик йиғим бекор қилингани натижасида 3 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилган. Буни келаси йил ҳам давом эттириб, экспортни ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Чарм саноати корхоналарини хомашё билан узлуксиз таъминлаш чоралари ва келгусидаги режалар бўйича масъулларнинг ҳисоботи эшитилди.

Чарм саноатида бичувчи, тикувчи, косиб каби ўрта бўғин кадрлари етишмаётгани, бу йўналишда йилига бор-йўғи 167 нафар мутахассис тайёрлангани кўрсатиб ўтилди. Шу боис, пойабзал ишлаб чиқариш ривожланган Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги етакчи корхоналарни техникумларга боғлаб, «дуал таълим»ни йўлга қўйиш зарурлиги айтилди.

Йиғилишда келгуси йилга мўлжалланган режалар ҳақида ҳам ахборот берилди.

Қайд этилганидек, енгил саноат тармоғига 2 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилиб, 82 та йирик лойиҳани амалга ошириш ҳамда 25 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 4 миллиард долларга, чарм маҳсулотлари экспортини 250 миллион долларга олиб чиқиш мақсад қилинган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид