Жаҳон | 23:25 / 13.12.2024
2674
2 дақиқада ўқилади

Лондонда 300 метрли офис биносини қуришга рухсат берилди

Лондонда 74 қаватли офис минорасини қуришга рухсат берилди. У Буюк Британия ва Ғарбий Европадаги энг баланд бино — The Shard каби баландликка эга бўлади.

Фото: EPA

Лондон City администрацияси The Shard — Буюк Британия ва Ғарбий Европадаги энг баланд бино каби бўладиган 74 қаватли офис минорасини қуришга рухсат берди, деб ёзади Financial Times.

1 Undershaft номли ўсмонўпар бинони қуриш ишлари унга қўшни бўлган иншоотлар, жумладан, Lloyd’s of London суғурта бозори раиси Брюс Карнеги-Браун қарши чиққанидан кейин тўхтатиб қўйилган эди. У янги бино Сент-Хеленс-сквер майдонини эгаллаб, «City’ни йиғинлар учун жуда муҳим майдондан мосуво қилиши» таъкидлаган.

Лойиҳа инвестор Aroland Holdings компанияси ва Stanhope девелопери минора асосидаги майдоннинг катта қисмини сақлаб қолиш учун биринчи қават ўлчамини кичрайтирган.

Қурилиш ишлари 2030 йилга бориб якунланиши кутилаётган 1 Undershaft биносининг баландлиги 309,6 метрни ташкил этади — бу Темзани қарама-қарши қирғоғида жойлашган The Shard биноалари баландлиги билан тенг.

Лойиҳага кўра, бинонинг 11-қаватида яшил зона жойлашади, юқори қаватдан томоша майдончаси, шунингдек, Лондон музейи билан ҳамкорликда ташкил этиладиган болалар учун таълим маркази ўрин олади.

Aroland Holdings’нинг асосий акциядори сингапурлик миллиардер Куок Кхун Гонг — у мой олинадиган палма плантацияларининг дунёдаги энг йирик эгаларидан биридир.

Мавзуга оид