«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуннинг жамият ва давлат учун аҳамияти
2024 йил 6 декабрда кучга кирган «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун жамият ва давлат учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг қабул қилиниши очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, коррупция каби салбий ҳолатларни бартараф этишда сезиларни ўрин эгаллайди.
Манфаатлар тўқнашуви деганда шахснинг лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазият тушунилади.
Мазкур қонун манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш, унга оид муносабатларни аниқлаш, манфаатлар тўқнашуви ҳақида ахборотни ошкор қилиш ва уни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни белгилайди. Шунингдек, қонун давлат ташкилотларидаги ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ тартибга солади.
Бу аввало ҳар қандай соҳадаги ривожланиш иллати бўлмиш коррупция ҳолатларининг олдини олади, яъни шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқейини шахсий манфаатлари мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши йўлидаги хатти-ҳаракатларининг бир қисмини бартараф этади, давлат бюджетининг (халқ маблағи) ноқонуний ўзлаштирилишининг олдини олади, давлат ташкилотларида меҳнат муносабатлари ва давлат харидларининг очиқлигини ва шаффофлигини таъминлайди.
Аввало қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.
Шунингдек, мазкур Қонун ўз устав фондида (устав капиталида) давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан фақат уларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига ҳам татбиқ этилади.
Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимларига ўрнатиладиган чекловлар
Қонун билан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларига нисбатан чекловлар белгиланди.
Жумладан, қонунда ходимлар шахсий наф олишга, манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги ахборотни ошкор этиш чоғида маълумотларни яширишга, бўйсунувчи ёки назоратидаги ташкилотларда ўриндошлик бўйича ишлашга, тижорат ташкилотларининг таъсисчиси бўлишга, ўзи меҳнат фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг назоратида бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектининг акцияларига ёки устав фондидаги улушларига эгалик қилишга, унинг бошқарув органи аъзоси бўлишга, ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ўзига ёки ўзига алоқадор шахсларга тааллуқли бўлган ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этишга, ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган ташкилотнинг мол-мулкини сотиб олишда ёки ижарага олишда ўзи иштирок этишга ҳақли эмаслиги назарда тутилган.
Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш механизмлари
Қонунда манфаатлар тўқнашувини аниқлаш бўйича қуйидаги қоидалар назарда тутилган бўлиб, унга кўра манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари:
- эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациядан;
- давлат харидлари жараёнида олинган таклифлардан, харид комиссияси мажлисларининг баённомаларидан, тузилган шартномалардан;
- манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги мурожаатларидан ёки хабарларидан;
- тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатларидан;
- Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модулидан;
- «ФҲДЁ Ягона электрон архиви» ахборот тизимидан;
- «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро аппарат-дастурий мажмуидан;
- Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан;
- махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича киритилган тақдимномасидан аниқланади.
Манфаатлар тўқнашуви ҳолларини тартибга солиш чоралари
Қонунда манфаатлар тўқнашуви ҳолларини тартибга солиш учун қуйидаги чоралар қўлланиши белгиланган:
- манфаатлар тўқнашуви юзага келган ташкилот ходимини манфаатлар тўқнашуви юзага келмайдиган бошқа раҳбарнинг бўйсунувига ўтказиш;
- ходимни манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган коллегиал орган таркибидан четлаштириш;
- ходимнинг лавозим мажбуриятлари ёки хизмат ваколатлари доирасини қайта кўриб чиқиш;
- ходимнинг манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ахборотидан ва ҳужжатларидан фойдаланишига чекловлар белгилаш;
- ходимнинг якка тартибда қарорлар қабул қилишга доир ваколатлари устидан коллегиал назоратни таъминлаш;
- ходимга ўзидаги шахсий манфаатдорликни қонунчиликка мувофиқ бартараф этиши тўғрисида таклифлар тақдим этиш;
- ходим томонидан давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатларига зид бўлган шахсий манфаатдорлигидан воз кечиши;
- ходимнинг розилиги асосида уни аввалги лавозимига тенг бошқа лавозимга ўтказиш ёки меҳнат шартномасини (контрактни) умумий асосларда бекор қилиш.
Масалан, бир ташкилотда тузилган комиссияда кўриб чиқилаётган масала комиссиянинг бир аъзосига бевосита алоқадор эканлиги аниқланди ва бу вазиятда мазкур комиссия аъзосини комиссия аъзолигидан чиқариш манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича қўлланган оқилона чора ҳисобланади.
Қонунга риоя этилишини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган ишлар
Мазкур ишчи гуруҳ томонидан қонунни амалга ошириш бўйича намунавий дастур ишлаб чиқилиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва унинг талабларига риоя этилиши бўйича семинарлар ўтказилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқитиш режа-жадвали ва “Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш” мавзуси бўйича қисқа муддатли тематик курснинг ўқув дастури тасдиқланди.
Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот материаллари тўплами (аннотация, слайд, инфографика) тайёрланиб Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали 86 та вазирлик ва идораларга, 9 455 та маҳаллаларга ҳамда ҳудудий адлия органларига етказилди.
Қонунда белгиланган талабларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларида риоя этилиши бўйича ўрганишлар ўтказилди ва аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилди.
Ҳуқуқий билим ва кўникмаларни ошириш
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқитиш режа-жадвали ва “Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш” мавзуси бўйича қисқа муддатли тематик курснинг ўқув дастури тасдиқланди.
Тасдиқланган ўқитиш режа-жадвалига мувофиқ ҳозирги кунга қадар 42 та давлат органи ва ташкилотларининг 7 300 га яқин ходимлари масофавий шаклда ўқитилиб, билим ва малакаси оширилди.
Шу билан бирга, Қонун мазмун-моҳияти юзасидан тест саволлари ишлаб чиқилиб, вазирликнинг махсус test.adliya.uz сайтига жойлаштирилди ва давлат органлари ва ташкилотларининг бошқарув ходимларининг тест синовларида иштироки таъминланди.
Жамоатчилик ва экспертлар иштирокининг аҳамияти
Миллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан махсус ўқув тренинглар режа-жадвали тасдиқланди ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари учун онлайн ўқув семинар, ҳамда ОАВ вакиллари учун махсус ўқув тренинглар ташкил этилди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун «Манфаатлар тўқнашуви тушунчаси ва уни ҳал қилиш чоралари» мавзусини ўз ичига олган махсус ўқув курслар ташкил этилди. Бугунги кунга қадар ушбу курсларда 5420 нафар маҳалла раиси ўқитилди.
Бундан ташқари, Германиянинг К. Аденауер жамғармасининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси ва Фонднинг Осиёда қонун устуворлиги дастури билан ҳамкорликда «Давлат муассасаларида коррупциянинг олдини олиш соҳасидаги тизимли ислоҳотлар асосида юридик кадрларнинг малакасини ошириш» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Қонуннинг амалиётда кенг қўлланилишини таъминлашда жамоатчиликнинг иштироки жуда муҳим ҳисобланади. Мазкур Қонуннинг ўзида ҳам давлат органлари ва ташкилотларга манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда ўрнак бўлаётган ходимларни рағбатлантириш чораларини кўриш бўйича қоида назарда тутилган.
Шунга асосан Адлия вазирлиги тизимида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда ўрнак бўлаётган адлия органлари ва муассасалари ходимларини рағбатлантириш бўйича адлия вазирининг тегишли буйруғи қабул қилинди.
Бу каби ишлар бошқа давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши лозим.
Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлашда фаол ёрдам берган шахсларни рағбатлантириш тартиби ва миқдорларини белгилаш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар ва манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг намунавий шакллари (рўйхат рақами 3569, 2024 йил 21 октябр) тасдиқланди.
Қонун бузганларга жавобгарлик чоралари
Қонун қабул қилинганидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик учун жавобгарликни назарда тутувчи норма Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилди.
Унга кўра, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида хабар бермаслик БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, кодексда Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахсига маълум бўлиб қолган, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаслик учун ҳам жавобгарлик белгилаб кетилди.
Юқоридагилар билан бир қаторда Қонунни амалиётга кенг жорий қилиш бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда кўплаб ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Шу билан бирга, Манфаатлар тўқнашувига қарши бутун жамият биргаликда курашиши яхши самара беради. Шу сабабли фуқароларимиздан ушбу масалага нисбатан бефарқ бўлмасликларини сўраб қоламиз.
Худоёр Мелиев
Мавзуга оид
16:21 / 12.11.2024
1,5 мингга яқин бошқарув ходими қонунга зид тарзда тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
13:04 / 10.06.2024
Ҳокимлардан тортиб ҳарбийларгача: “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кимларга таъсир қилади?
14:59 / 08.06.2024
Давлат идораларида қариндош-уруғчиликни чеклайдиган қонун қабул қилинди: у кимларга нисбатан ва қандай ишлайди?
12:16 / 08.06.2024