АҚШдаги сирли дронлар: улар ҳақида нималар маълум?
АҚШнинг шарқий қирғоқларида ҳар куни номаълум пилотсиз парвоз қурилмалари кузатилмоқда. Улар асосан ҳарбий базалар ва аэропортлар яқинида учрамоқда. Оқ уйдагилар одамлар самолётлар ва юлдузларни дрон деб ўйлашяпти, деяётган бўлса, Трамп «уларни уриб тушириш» кераклигини айтмоқда.
Сўнгги ҳафталар ичида АҚШ шарқий соҳилидаги бир қанча ҳудудларда номаълум дронлар кузатилаётгани ҳақида хабар қилинмоқда. Уларнинг парвозлари аҳоли яшаш жойлари, тақиқланган ҳудудлар ва муҳим инфратузилма объектлари узра амалга оширилган.
CNN маълумотига кўра, ушбу дронлар камида олти штатда — Ню Жерси, Ню Йорк, Коннектикут, Пенсилвания, Виржиния ва Оҳайо ҳудудларида қайд этилган. Бундан ташқари, Массачусетс ва Калифорниядаги суратга олиш тақиқланган ҳудудлар яқинидаги дрон парвозлари сабабли айрим шахслар ҳибсга олинган.
Федерал авиация бошқармаси маълумотига кўра, илк шикоятлар 18 ноябр куни, Ню Жерси штатидаги Моррис округида дронлар кузатилганидан сўнг келиб тушган. Кейинчалик, дронлар ҳар кеча кузатилаётгани қайд этилган.
The Wall Street Journal маълумотига кўра, ушбу дронлар, ўтган йили Виржинияда миллий хавфсизлик учун муҳим объектлар яқинида кўрилган дронларга ўхшаш бўлган. Ушбу ҳодисалар жамоатчилик орасида хавотирларга сабаб бўлиб, ҳукумат органлари бу масалани чуқурроқ ўрганмоқда.
Пилотсиз учар жисмлар қаерларда кўринди?
Номаълум дронларнинг ҳаракатлари фақат аҳоли турар жойларида эмас, хавфсизликка доир ҳудудларда ҳам кузатилган.
Дронлар пайдо бўлиши ортида кимлар тургани ва уларнинг парвозидан кўзланган мақсад ҳақида ҳануз бирор аниқ маълумот йўқ. Улар кўплаб ҳудудларда, шу жумладан, Ню Йоркда, бошқа штатларда ва ҳатто бошқа мамлакатларда ҳам кузатилмоқда.
Дронлар қайд этилган асосий жойлар қуйидагилар:
- Ню Жерси: 18 ноябрдан бошлаб бир неча дрон «Пикатинни Арсенали» яқинида ва Бедминстер шаҳридаги Доналд Трампга тегишли голф майдони атрофида парвоз қилган.
- Нью Йорк: 12 декабрда бир неча дрон Бронкс ҳудуди устида кўринган.
- Оҳайо: Дронлар парвозидан сўнг учинчи ҳаво базаси «Райт-Паттерсон» бир соатга ёпилди.
- Коннектикут: Гротон ва Ню Лондон атрофида «шубҳали дронлар» пайдо бўлгани ҳақида полиция хабар берган.
- Мэриленд: Давидсонвил шаҳрида собиқ губернатор Ларри Ҳоган ўз уйи устида «ўнлаб дронлар»ни кўрган.
- Массачусетс: 14 декабрда Логан халқаро аэропорти яқинида дронларни бошқарганликда айбланган икки шахс ҳибсга олинган.
- Пенсилвания: Филаделфия шаҳри устида бир неча дрон қайд этилган.
- Виржиния: 17 кун давомида Америка ҳарбий объектлари устида дронлар ҳаракатлангани ҳақида хабар берилган.
- Британия ва Германия: Ноябр охирида Америка авиабазалари яқинида, шунингдек, «Рамштайн» базасида дронлар кўрилган.
АҚШ ҳукумати Ню Йоркка номаълум дронларни аниқлаш тизимини жўнатишга қарор қилган. Бу ҳақда Ню Йорк штати губернатори Кэти Ҳочул маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу чора дронлар пайдо бўлиши сабабли Стюарт халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлаги вақтинча ёпилиши ортидан қўлланган.
«Менинг қўшимча ресурсларни ажратиш бўйича талабларимга жавобан федерал ҳамкорларимиз Ню Йоркка дронларни аниқлаш тизимини йўллашди. Штат ҳукуматларига майда дронларга қарши мустақил курашиш учун кўпроқ ваколатлар бериш керак», деган Кэти Ҳочул.
Шунга қарамасдан, ФҚБ дронларнинг жиддий хавф туғдиришига шубҳа билан қарамоқда.
Дронлар қанақа кўринишда?
11 декабр куни АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги томонидан ўтказилган брифингдан сўнг Ню Жерси штати йиғилиши аъзоси Доун Фантазия ушбу дронларни анъанавий усуллар билан аниқлаш деярли имконсиз эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ушбу пилотсиз парвоз қурилмаларининг диаметри тахминан 1,8 метрни ташкил этади, қоронғида чироқлари ўчирилган ҳолда ҳаракатланади ва бир-бири билан «мувофиқлаштирилган тарзда» парвоз қилади.
13 декабр куни АҚШ Ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркас дронлар кўпайгани ҳақидаги хабарлар сабаби федерал қонунлар 2023 йилдан бошлаб дронларга тунги парвоз қилишга рухсат бергани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирди.
«Бу энди одамлар дронларни олдингига нисбатан кўпроқ кўраётганининг асосий сабабларидан бири бўлиши мумкин», — деган Майоркас ўз баёнотида.
Дронлар хавф туғдирадими?
Американинг бир неча расмий идоралари вакиллари журналистлар билан суҳбатда дронлар томонидан хавф мавжудлигини тасдиқловчи далиллар йўқлигини таъкидлашди.
«Менимча, реакция бироз ортиқча бўлди», — деди ФҚБ ходимларидан бири.
Ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркас ABC News билан суҳбатда, «шимолий-шарқда топилган дронлар»га бошқа давлатлар алоқаси ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди.
«Биз ушбу масалани диққат билан ўрганмоқдамиз», — деди у.
Майоркаснинг қўшимча қилишича, агар хавотирга сабаб бўладиган ҳолатлар юз берса ёки бошқа давлатлар аралашуви ёки жиноий фаолият аниқланса, улар бу ҳақда Америка халқини хабардор қилишади.
Оқ уй баёноти: дронлар таҳдид эмас
16 декабр куни АҚШ президенти маъмурияти миллий ёки жамоат хавфсизлиги учун таҳдид аниқланмаганини маълум қилди. Оқ уйнинг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбига кўра, дронлар ҳақидаги хабарларнинг аксарияти оддий ҳолатлар билан боғлиқ.
«Бизнингча бу хабарларда қонуний тижорат дронлари, ҳаваскор қурилмалар, ҳуқуқ-тартибот органлари дронлари, вертолётлар ёки ҳаттоки кўзга дрон бўлиб кўринган юлдузлар ҳақида сўз борган бўлиши мумкин», — деди Кирби. Унинг айтишича, ФҚБ 100 га яқин хабарни текширмоқда, лекин ҳозиргача ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатлар ёки хавф аниқланмаган.
Кирби Оқ уйнинг очиқликка интилишини таъкидлаб, шундай деди: «Биз тахминлар ёки ҳаддан ташқари шошилинч хулосаларга ўрин қолдирмаймиз. Фақат аниқ маълумотни тақдим этамиз».
Пентагон вакили генерал-майор Патрик Райдер ҳар куни АҚШ ҳавосида минглаб дронлар учаётгани ва бу одатий ҳол эканини айтди. «Дронларни кўриш хавфсизликка таҳдид ёки зарарли фаолиятдан нишона эмас», — деди у.
ФҚБ ва Ички хавфсизлик вазирлиги 12 декабр куни тарқатган баёнотга кўра, топилган дронлар миллий ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳеч қандай далил йўқ. ФҚБнинг таъкидлашича, аксарият ҳолларда дрон деб қабул қилинган нарсалар учувчи бошқараётган самолётлар бўлган. 2023 йил ноябридан буён ФҚБга бу борада беш мингга яқин хабар келиб тушган бўлиб, фақат 100 таси текширишга арзирли деб топилган.
Трамп нима деди?
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп 16 декабр куни матбуот анжуманида ҳукумат дронлар билан боғлиқ вазиятдан хабардор эканини таъкидлади.
«Бизнинг ҳарбийлар уларнинг қаердан учиб чиққанини билишади. Агар гараждан учган бўлса, у ерга қайтиб киришлари мумкин. Ҳарбийларимиз дрон қаердан келганини ва қайси йўналишда учиб кетаётганини билади, лекин бу ҳақда ҳеч нарса айтмоқчи эмас», деган Трамп.
Трамп ўзининг ижтимоий тармоқлардаги постида Жо Байден маъмуриятини мавжуд маълумотларни ошкор қилишга ёки дронларни уриб туширишга чақирди: «Ҳар бир ҳудудда ғалати дронлар кузатилмоқда. Бундан ҳукуматимиз бехабарми? Мен бунга ишонмайман! Жамоатчиликка аниқ маълумот беринг ёки уларни зудлик билан уриб туширинг!»
Демократ сенатор Ричард Блюментал ҳам дронларни зарурат бўлса, уриб туширишни таклиф қилди. Унинг фикрича, дронларни радиоэлектрон кураш воситалари орқали зарарсизлантириш мумкин ва бу ҳавода уларни физиканинг ўзига хос усуллари билан йўқ қилишдан хавфсизроқдир.
ФҚБ ва Ню Жерси полицияси фуқароларни дронларга қарата ўқ узмасликка чақирди, чунки бу ортиқча хавф туғдириши мумкин. Масалан, ҳавода дрон деб қабул қилинган самолётларга зарар етказилиши мумкин. Баъзи аҳоли лазер воситаларидан фойдаланиб, самолётларнинг учувчилари кўзини қамаштирган ҳолатлар ҳам кузатилган.
Оқ уй вакили Жон Кирбининг айтишича, АҚШда 1 миллиондан ортиқ дронлар мавжуд ва уларнинг минглаб турлари ҳар куни ҳавода учади.
Фуқаролик авиацияси бошқармаси маълумотларига кўра, 792 минг дрон расман рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг ярмидан тижорат, ярмидан эса ҳаваскорлик мақсадларда фойдаланилади. Дронлар асосан суратга олиш, қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида фойдаланилади. Бошқарма маълумотларига кўра, 122 метр баландликдан пастдаги учишлар кўп ҳолларда махсус рухсат талаб этмайди.
Дронлар қаердан учиб келган?
Номаълум пилотсиз парвоз қурилмаларининг қаердан учиб келгани ёки уларни ким бошқараётгани аниқ эмас. Ню Жерси штатидаги республикачи вакил Жефф Ван Дрюнинг фикрича, бу дронлар Атлантикада турган Эроннинг «она кемаси»дан учирилган бўлиши мумкин.
Бироқ Иллинойс штатидаги демократ Ража Кришнамуртининг таъкидлашича, дронлар учирилишида Хитой иштироки эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Пентагон ушбу тахминларни рад этди. 11 декабр куни Fox News телеканалига берган интервюсида Ван Дрюнинг «Эрон кемаси» ҳақидаги гапларига Пентагоннинг матбуот котиби Сабрина Сингҳ шундай жавоб берди:
«АҚШнинг шарқий соҳили яқинида ҳеч қандай Эрон кемаси йўқ. Қолаверса, бундай «она кема» дронларни АҚШга учираётгани ҳақидаги фикрлар мутлақо нотўғри».
Гарчи, АҚШ ҳукумати фуқароларни тинчланишга чақирган бўлса-да, маҳаллий амалдорлар ва сиёсатчилар пилотсиз парвоз қурилмалари ҳақида кўпроқ маълумот бериш ва суриштирув учун қўшимча ресурслар ажратишни талаб қилмоқда.
The Wall Street Journal хабарига кўра, АҚШнинг шарқий соҳили бўйлаб кўплаб амалдорлар ҳукуматдан ноқонуний учаётган дронларни йўқ қилиш ҳуқуқини ҳам талаб қилмоқда.
Мавзуга оид
16:14 / 14.12.2024
ОАВ: Германия узра РФ ҳарбий дронлари учиб ўтган бўлиши мумкин
15:12 / 13.12.2024
Тайван армияси ўз танкларни дронлардан ҳимоя қилишнинг янги усулини кўрсатди
21:56 / 11.12.2024
Британия биринчи марта дронни лазер ёрдамида уриб туширди
13:35 / 07.12.2024