Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
АҚШ президенти Жо Байден федерал судлар томонидан ўлимга ҳукм қилинган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди. Уларга чиқарилган ҳукм умрбод қамоқ жазосига ўзгартирилди.
АҚШ президенти федерал судлар томонидан ўлимга ҳукм қилинган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди. Жо Байден уларнинг жазосини муддатидан олдин шартли озод этилиш имкониятисиз умрбод қамоқ жазосига ўзгартирди, деб хабар беради Оқ уй матбуот хизмати.
The New York Times’нинг ёзишича, булар федерал судлар томонидан ўлимга ҳукм этилган деярли барча маҳбуслардир. Байден оммавий қотилликда айбдор деб топилган фақат уч эркакнинг жазосини ўзгартирмаган.
Оқ уйдагиларнинг маълум қилишича, Байден ўзининг сиёсий карерасини зўравонлик жиноятларига қарши курашишга ва адолатли суд тизимини яратишга бағишлаган. Унинг фикрича, АҚШ терроризм ва нафратга асосланган оммавий қотиллик ҳолатларидан ташқари федерал даражада ўлим жазоси қўллашни тўхтатиши керак.
Байденнинг ўзи жазоси енгиллаштирилган жиноятчиларни қоралашини, шунингдек, уларнинг жиноятлари оқибатида қурбон бўлганларнинг яқинларига ҳамдард эканини билдирган.
NYT’нинг қайд этишича, Демократик партиянинг бир қанча аъзоси, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ташкилотлар Байденни ўлимга ҳукм этилганларнинг жазосини енгиллаштиришга чақирган.
2019 йилда, Доналд Трамп президентлиги даврида АҚШда федерал органлар юрисдикциясига кирувчи жиноятлар учун ўлим жазоси қайта тикланган эди. Бу вақтга келиб мамлакатда 2003 йилдан бери ўлим ҳукми ижро этилмай келинаётганди, аммо штатлар ҳукуматлари бу турдаги жазони ўзлари мустақил белгилашлари ва амалга оширишлари мумкин эди. 2021 йилда эса АҚШ Адлия вазирлиги федерал даражадаги ўлим жазосига вақтинчалик мораторий жорий этди.
АҚШ президенти Жо Байден бундан бир неча кун олдин 39 кишини афв этган ва узоқ муддатга қамалган 1500 маҳбуснинг қамоқ жазосини енгиллаштирганди. Жазонинг енгиллаштирилиши пандемия вақтида уй қамоғига ўтказилган ва «оиласига қайта қўшилиб кетишга муваффақ бўлган» шахсларга тааллуқли. Афв этиш қарори эса зўравонлик жиноятини содир этмаганларга тегишли.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
17:17 / 23.12.2024
АҚШ рекорд сондаги Ўзбекистон фуқароларини депортация қилди
17:01 / 23.12.2024