Жаҳон | 17:59 / 25.12.2024
1198
4 дақиқада ўқилади

Иқлим ўзгариши зилзилалар сонини ошириши мумкин

Олимлар яқинда Тинч океанидаги орол-давлатда юз берган кучли зилзилани иқлим ўзгариши билан боғлади.

Фото: AP

Ўтган ҳафта Тинч океанидаги аҳоли энг зич жойлашган Вануату ороли қирғоқлари яқинида 7,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Расмийларнинг айтишича, пойтахт Порт-Вил марказига энг кўп зарар етган, 10 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ одам яраланган.

Тинч океани оловли ҳалқаси — тектоник плиталар ва вулқонлар минтақасида жойлашган Вануату мунтазам равишда зилзилалардан силкиниб туради. Бироқ орол аҳолиси охирги марта қачон бунчалик кучли зилзила юз берганини эслай олмаслигини айтди.

Янги тадқиқотлардан маълум бўлишича, иқлим ўзгариши зилзилаларнинг хусусиятига таъсир қилиши мумкин.

Вануатудаги зилзила иқлим ўзгариши билан боғлиқми?

Вануату — Австралия ва Фижи оралиғида жойлашган, Тинч океанининг жанубий қисмидаги кенг ҳудудларни ўз ичига олган улкан архипелагдир.

80 дан ортиқ маржон қоялар ва вулқон оролларидан иборат бу ҳудудда 330 000 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Мамлакат иқлим ўзгаришидан энг кўп таъсирланадиган давлатлар қаторига киради. Декабр ойи бошида Вануату Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Олий судида ушбу масала юзасидан кўрилган муҳим ишда кичик орол давлатлар гуруҳига бошчилик қилганди.

Вануатунинг жойлашуви мамлакатни зилзилалар олдида ожиз қилиб қўяди, бироқ иқлим ўзгариши туфайли унинг сейсмик беқарорлиги янада ортиши мумкин.

“Иқлим ўзгариши чегара билмайдиган ва сиёсий мафкура ёки географик жойлашувидан қатъи назар, барча мамлакатларга таъсир кўрсатадиган таҳдиддир”, — деб таъкидлади Вануатунинг иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит бўйича махсус элчиси Ралф Регенвану. “Энди ҳеч бир давлат бошини қумга тиқиб, бу муаммодан яширина олмайди”.

Иқлим ўзгариши зилзилалар сонини ошириши мумкин

Колорадо штати университети томонидан яқинда ўтказилган тадқиқот кўрсатишича, иқлим ўзгариши янада кўпроқ зилзилаларга сабаб бўлиши мумкин. Бу иқлимнинг сейсмик фаолликка таъсирини кўрсатувчи аввалги тадқиқотлар натижасини тасдиқлайди.

Geology журналида эълон қилинган янги натижалар Колорадо жанубидаги Сангре-де-Кристо тоғлари ва уларнинг ғарбий чеккасидан ўтадиган фаол ёриқлар таҳлилидан олинган.

Жамоалар охирги музлик даврида музликларнинг оғирлиги таъсирида ёриқ ўз жойида сақланиб қолганини аниқлади. Аммо муз эриши билан ёриқ бўйлаб фаоллик кучайган. Сўнгги музлик давридан буён ер қобиғида ёриқларнинг пайдо бўлиши тезлиги, тоғ тизмаси музликлар билан қопланган даврга нисбатан беш баробар ошган. Музликлар чекиниши оқибатида ёриқ бўйлаб сейсмик фаоллик тез-тез кузатилиши мумкин.

“Иқлим ўзгариши геологик ёзувларда кузатилган тезликдан бир неча баробар юқори суръатда содир бўлмоқда”, — деб таъкидланди тадқиқотнинг биринчи муаллифи Сесе Уртадонинг баёнотида. “Биз буни Аляска, Ҳимолай ва Алп тоғларидаги тоғ музликларининг тез чекиниши мисолида кўряпмиз. Ушбу ҳудудларнинг кўпчилигида фаол тектоника ҳам кузатилмоқда”.

Олимларнинг хулосасига кўра, иқлим ўзгариши муз ва сув юкламаларини ўзгартиргани сабабли, тектоник фаол ҳудудларда ёриқлар ҳаракати ва зилзилалар янада тез-тез содир бўлиши мумкин.

Иқлимнинг зилзилаларга таъсирини тушуниш хавфни баҳолашга ёрдам беради

Тадқиқотчиларнинг иши иқлимнинг сейсмик фаолликка таъсири ҳақидаги далилларни бойитмоқда.

“Анчадан бери бу жараёнларни моделлаштириб келамиз, бироқ табиатда бунинг мисолларини топиш қийин”, — деди тадқиқотнинг катта муаллифи, Ер ҳақидаги фанлар кафедраси доценти Шон Галлен.

Унинг сўзларига кўра, қўлга киритилган маълумотлар зилзилаларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида муҳим ахборот беради, бу эса хавфни баҳолашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Мавзуга оид