Технология | 21:58 / 01.01.2025
9612
2 дақиқада ўқилади

Хитойда олтинчи авлод қирувчи самолёти синовдан ўтказилди

ХХР Chengdu J-36 дея номланаётган янги авлод қирувчи самолётини синовдан ўтказди. Дум таянчига эга бўлмаган самолёт узоқ масофага уча олиши билан ажралиб туради.

Фото: CC BY 3.0

Хитой 26 декабр куни иккита олтинчи авлод делтасимон қирувчи самолётларини синовдан ўтказди. New Atlas’нинг ёзишича, экспертлар қирувчилардан бири Chengdu J-36 эканини тасдиқлаган.

Қайд этилишича, ушбу янги авлод қирувчи самолётларининг тасдиқланмаган номи уларнинг фюзеляжига ёзилган серия рақамидан келиб чиққан. «36011» Хитой Халқ-озодлик армияси Ҳарбий-ҳаво кучларидаги номлаш тизимига мос келади.

J-36 нинг биринчи парвози ХХР асосчиси Мао Цзедун таваллуд топган кунда амалга оширилган ва Сичуан провинциясида яшовчи маҳаллий аҳоли мобил телефонлари орқали уни тасвирга олишга муваффақ бўлган. Манёврларда дум қисми йўқ делтасимон корпусни кўриш мумкин. Янги қирувчига парвозда икки ўриндиқли Chengdu J-20S самолёти ҳамроҳлик қилган. Бир қарашда уларни фарқлаш қийин, J-36 нинг ўлчами ҳам J-20S ники каби қарийб 20 метрга тенг.

Думсиз конфигурация — ўзига хос дизайн танловидир. Вертикал барқарорлаштиргичдан воз кечиш ҳисобига жанговар самолёт «fly-by-wire» илғор компютер бошқарув тизимидан фойдаланади. Бу каби қарор унинг радиолокацион майдонда яширинишига хизмат қилади. Конструкция, шунингдек, тўғридан тўғри қаршиликни камайтиради, бу эса самолётга миссиялар доирасида узоқ масофага учиш имконини беради.

Қирувчининг ҳаво ўтказувчи панжаралари ноанъанавий — фюзеляж тепаси ва ёнларига ўрнатилгани унинг ностандарт уч двигателли конфигурациясидан далолат беради. Двигателлар сонининг кўплиги манёврчанликни оширади.

J-36 парвозни амалга оширган кунда Shenyang Aircraft Corporation томонидан яратилгани тахмин қилинаётган яна бир қирувчи самолёт Sukhoi Су-27 ҳамроҳлигида пайқалган. Олтинчи авлодга кирувчи иккала самолёт ҳам афтидан радиолокацион тизимлардан қочиш учун мураккаб аэродинамик констуркцияга эга қилиб ишланган.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид