Ўзбекистон | 14:10 / 07.01.2025
958
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Европа таҳлилий тузилмалари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади

Белгия пойтахтида Ўзбекистон таҳлилий марказлари делегациясининг EGMONT Қироллик институти бош директори Пол де Витт билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

Учрашувда Ўзбекистон томонидан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ), Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ), давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), ТИВ ҳузуридаги Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази каби мамлакатнинг етакчи таҳлилий муассасалари вакиллари иштирок этишди.

Учрашув давомида томонлар Марказий Осиё тараққиётининг замонавий динамикаси, минтақанинг ташқи дунё билан алоқалари, шунингдек, "Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи" форматидаги минтақалараро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Хусусан, МОХИ директори Жавлон Ваҳобов Марказий Осиё дунёнинг етакчи давлатлари учун муҳим минтақага айланганини таъкидлади. Бугунги кунда минтақа 10 дан ортиқ "Mарказий Осиё+" форматларида фаол иштирок этиб, 40 га яқин мамлакат ва иккита минтақавий ташкилот билан ҳамкорлик қилаётгани қайд этилди.

Ўз навбатида, бош директор Пол де Витт Марказий Осиёнинг жадал ривожланиши ва унинг глобал майдонда мустақил акторга айланиши шароитида Европа Иттифоқи мазкур минтақа билан ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш зарурлигини қўшимча қилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Европа таҳлилий тузилмалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ва икки томонлама ҳамкорликнинг турли жиҳатларини муҳокама қилиш учун мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид