Ўзбекистон | 18:43 / 16.01.2025
2070
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича дастур тайёрланади

Президент вилоят ҳокимларига ҳар ой тадбиркорлар билан ярмарка ўтказиб, янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйишни топширди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда ҳар бир доллар инвестициянинг самарадорлигини ошириш ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари асосий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

Қайд қилинишича, “Ўзбекнефтгаз”, "Ўзметкомбинат" ва қурилиш материаллари тармоғида инвестиция самарадорлиги бошқа тармоқларга нисбатан 2 баробар паст. Инвестиция ҳисобига қўшилган қиймат Сирдарёда республика кўрсаткичидан 3 баробар, Бухоро ва Қорақалпоғистонда 2 баробар кам.

105 нафар тадбиркорнинг 110 миллион долларлик ускуналари омборларда турибди. Мутасаддиларга ушбу ускуналарни эгаларига етказиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.

Президент инвестиция лойиҳаларида маҳаллий компонентларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Бунинг ҳисобига жуда кўп янги иш ўринлари яратилиши, валюта тежалиши ва ёндош соҳалар ривожланиши кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокимларига ҳар ой тадбиркорлар билан ярмарка ўтказиб, ўзида янги-янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйиш топширилди.

Ҳозир амалга оширилаётган 75 миллиард долларлик йирик инвестиция лойиҳаларининг 28 миллиард долларини маҳаллий маҳсулотлар орқали қоплаш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган.

Мутасаддиларга тармоқлар ва вилоят ҳокимлари билан биргаликда туман ва корхоналар кесимида 2025 йилда янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича дастур тайёрлаш топширилди.

Мавзуга оид