Ўзбекистон | 18:35 / 21.01.2025
2818
2 дақиқада ўқилади

Тухум етиштириш кооперацияси учун 50 миллион доллар йўналтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 21 январ куни паррандачиликни ривожлантириш ва яйловлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, гўшт йўналишидаги парранданинг 1-тартибли генетикасини ташкил қилиш бошланган. Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда энди буни тухумчилик бўйича ҳам йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.

Паррандачилик кооперацияси бўйича Андижон, Наманган, Самарқанд ва Хоразмда яхши тажрибалар борлиги қайд этилди.

Масалан, Қўшработ туманидаги “Етти хазина” корхонаси хонадонларга эмланган товуқ, қафас ва ем тарқатиб, тухумини ўзи сотиб олаяпти. Бундай лойиҳаларни барча вилоятларда қилиб, маҳсулот ва иш ўринларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Бунга 50 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.

Вақтинча тўхтаб қолган ёки кам қувватда ишлаётган паррандачилик корхоналарини молиявий соғломлаштириб, фаолиятини яхшилаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Яйловларнинг деярли ярмидан фойдаланилмаяпти. Чунки яйлов ўсимликлари уруғчилиги ривожланмаган, сув иншоотлари ва қудуқлар етишмайди. Бундай майдонларнинг харитаси ва ижараси рақамлаштирилмаган.

Шу боис яйловларни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимига ўтказиш таклиф этилди. “E-yaylov” электрон харитаси ишлаб чиқилиб, ҳар бир майдон ушбу тизимга киритилади. Унда чорва, экин ёки геологияга мўлжалланган жойлар аниқ намоён бўлади.

Бундай майдонлар энг кўп бўлган 7 та вилоятда яйлов хўжаликлари ташкил қилинади. Улар ўрмон хўжаликлари каби яйловларни асраш ва самарали фойдаланишга масъул бўлади. Яйлов хўжаликларидаги ерлар аукцион орқали чорва боқиш, писта, бодом каби кўчатларни экиш учун аҳолига 30 йилга ижарага берилади.

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, яйловларни деградациядан чиқариш, қўшимча қудуқлар қазиш ва яйлов уруғчилигини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берди.

Бу йил 500 минг гектар яйловда 1 миллион бош қўйни тартибли боқиш бўйича намунавий лойиҳа амалга оширилиши айтилди.

Чорвачилик ва паррандачилик корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Янги лойиҳалар ва кооперация ҳисобига аҳоли бандлигини ошириб, камбағалликни қисқартириш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид