Ўзбекистон | 14:03 / 25.01.2025
2068
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда транспорт хизматлари экспорти 3 млрд долларга етказилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев транспорт хизматлари экспорти ҳажмини 3 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича топшириқ берди.

"Казинформ" халқаро ахборот агентлиги маълумотига кўра, мазкур топшириқ транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимотда белгиланган.

Қайд этилишича, сўнгги етти йилда Ўзбекистонда юк ташувчи автотранспорт воситалари сони 7 баробарга ошиб, 26 мингтага етди, халқаро юк ташувларида маҳаллий ташувчиларнинг улуши 35 фоиздан 60 фоизни ташкил қилмоқда.

"Ғарбий йўналишда юкларни етказиб бериш муддати икки бараварга, харажатлар эса 1,5 бараварга ошди. Европа давлатлари чегараларидаги айрим ўтказиш пунктлари ёпиқ, бошқаларида узоқ навбатлар ҳосил бўлган. Шу муносабат билан транспорт-логистика тизимини изчил ривожлантириш ва ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш зарурлиги таъкидланди", – дея Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотидан иқтибос келтиради агентлик.

Таъкидланишича, маҳаллий экспедиторларни қўллаб-қувватлаш учун уларнинг халқаро ташувлардаги хизматлари учун ҚҚС бекор қилинади. Бу, ўз навбатида, уларнинг бозордаги улушини 45-50 фоизгача ошириш имконини беради. Шунингдек, жараёнларни яхшилаш учун чегарада электрон навбатни жорий этиш, ўтиш вақтини 20 дақиқагача қисқартириш ва транспортнинг онлайн-мониторингини жорий этиш таклифи билдирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид