Жаҳон | 08:10 / 27.01.2025
4469
3 дақиқада ўқилади

Венгрия Европа Иттифоқининг Беларус бўйича қўшма баёнотини блоклади

Венгрия вакиллари Европа Иттифоқи давлатларининг Беларусдаги президентлик сайловлари натижаларини тан олмаслик ҳақидаги қўшма баёнотига тўсқинлик қилди, деб хабар берди Брюсселдаги манбалар.

Фото: Dursun Aydemir/ Anadolu via Getty Images

Венгрия вакиллари Европа Иттифоқи давлатларининг Беларусдаги президентлик сайловлари натижаларини тан олмаслик ҳақидаги қўшма баёнотига тўсқинлик қилди. Бу ҳақда 26 январ, якшанба куни Брюсселдаги манбалар хабар берди.

Европа Иттифоқининг барча 27 мамлакати вакилларидан имзолар бўлмагани учун Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ва Европанинг қўшничилик ва кенгайиш сиёсати бўйича комиссари Марта Кос ўз баёнотини эълон қилди.

Ҳужжатда, хусусан, 26 январ куни бўлиб ўтган сайловлар «на эркин, на адолатли» ўтгани ҳамда Беларус халқи «мамлакатини ким бошқариши ҳақидаги саволда ҳақиқий овозга лойиқ» эканлиги таъкидланган.

«Беларусда инсон ҳуқуқларининг шафқатсиз бостирилиши, сиёсий иштирок ва мустақил оммавий ахборот воситаларига киришнинг чекланиши сайлов жараёнини ҳар қандай қонунийликдан маҳрум қилди», деб ёзади Каллас ва Кос.

Улар Брюссел «фуқаролик жамияти, муҳожирликдаги Беларус демократик кучлари ва Беларус маданиятига молиявий ёрдам кўрсатиш билан бирга» Беларус режимига чекловлар қўйишда давом этишини таъкидладилар.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раҳбари: Лукашенко 86,82 фоиз овозга эга

26 январ куни Беларусьда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси (МСК) раҳбари Игор Карпенко матбуот анжуманида сайловчиларнинг 86,82 фоизи еттинчи муддатга қайта сайланган 70 ёшли Александр Лукашенкога овоз берганини маълум қилди. Расмий маълумотларга кўра, Либерал-демократик партия етакчиси Олег Гайдукевич 2,02 фоиз, Меҳнат ва адолат республика партияси раиси Александр Хижняк 1,74 фоиз овоз олган. Беларус Коммунистик партияси раҳбари Сергей Сиранков 3,21 фоиз, якка тартибдаги тадбиркор Анна Канопатская эса 1,86 фоиз овозга эга.

Мустақил оммавий ахборот воситалари Беларусдан мажбуран чиқариб юборилган ва у ерда экстремистик деб ҳисобланади. Беларус Журналистлар ассоциацияси маълумотларига кўра, 42 ОАВ вакили қамоқда.

Сайловчиларни сайлов участкаларида ҳозир бўлган милиция ходимлари кузатиб борди. Овоз бериш кабиналари очиқ эди. Сайлов бюллетенларини суратга олиш тақиқланади ва бунинг учун жарима ҳам бор.

2020 йилги норозилик намойишлари чоғида Лукашенко олтинчи муддати унинг охиргиси бўлишига ваъда берган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид