30 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ислом Каримов хотирасига гулчамбарлар, президентнинг Ислом цивилизация марказига ташрифи, аҳолидан сотиб олинган «яшил» энергия ва газлашмаган хонадонларга электрдан имтиёзли тариф — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Ислом Каримов хотирланди
Бугун Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов туғилган кун. Шу сабабли Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент администрацияси ва ҳукумат вакиллари, зиёлилар ва шаҳар жамоатчилиги ҳам қатнашди.
Президент матбуот хизматининг қайд этишича, Шавкат Мирзиёевнинг эътибори билан биринчи президентнинг хотираси абадийлаштирилди, у таваллуд топган 30 январ ҳар йили нишонланадиган бўлди. Тошкентда илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилди.
«Бу кейинги авлодлар учун ҳам ибрат ва намунадир. Маросимда ана шундай эҳтиром ва бирдамлик намоён бўлди», — дейилади хабарда.
Тадбир давомида Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди. Биринчи президентнинг халқ манфаати йўлида қилган ишлари, фазилатлари ёдга олинди. Ислом Каримовни хотирлаш учун тадбирлар Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам ўтказилди.
Ислом цивилизациясининг янги рамзи
Президент Шавкат Мирзиёев кеча Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази қурилиши билан танишди.
Давлат раҳбари бу мажмуа юртимиздаги ислом маданиятига оид бир неча минг йиллик меросни бир жойда мужассам этишини ва унинг халқимиз тарихида тутган ўрнини таъкидлади.
У ерда Қуръони карим зали ташкил қилиниб, унда Усмон Мусҳафи ва қадимий муқаддас китоблар сақланади. Шунингдек, Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Ибн Сино, Навоий, Бобур, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби алломалар ва уларнинг илмий мероси ҳақида кенг маълумотлар тақдим этилади.
Президент бу мажмуанинг вазифаси фақат ўтмишни ўрганиш эмас, балки ислом таълимоти орқали тараққиёт ва маърифатни ёйиш эканини таъкидлади. Шу билан бирга, марказ жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, миллий ўзликни англаш ва дунёга танитиш мақсадида фаолият юритиши зарурлигини билдирди.
Шавкат Мирзиёев бу мажмуани Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик рамзи сифатида баҳолаб, унинг мазмун-моҳиятини бойитиш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.
Аҳолидан 12 млрд сўмлик «яшил» энергия сотиб олинди
Ўзбекистонда «Қуёшли хонадон» дастури доирасида аҳолидан 12 млрд сўмлик қуёш энергияси харид қилинди.
2023 йил 1 апрелдан бошлаб, хонадонларга қуёш панеллари ўрнатган фуқароларга ишлаб чиқарилган ва ягона электр тармоғига узатилган ҳар бир kWh учун 1000 сўм субсидия ажратиш белгиланган.
2024 йилда 10 826 нафар фуқаро дастурдан фойдаланиб, 12,18 млн kWh энергияни электр тармоғига узатган. Бу учун давлат бюджетидан 12,1 млрд сўм субсидия тўланган.
Хоразм, Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳри субсидия олиш бўйича етакчи ҳудудлар бўлган.
Газлашмаган хонадонларга имтиёзли тариф жорий этилади
Ўзбекистонда табиий газга уланмаган, электрлаштирилган хонадонлар учун имтиёзли электр энергияси тарифлари жорий этилади. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов президент ҳузуридаги йиғилишдан сўнг маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, электр энергияси истеъмоли ошиши билан бирга, электрлаштирилган хонадонларга алоҳида тарифлар белгиланиши ҳақида топшириқ берилган.
Шунингдек, янги қурилаётган кўп қаватли уйлар табиий газга уланмаслиги тасдиқланди. Янги лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга эътибор қаратилмоқда.
Аввалроқ Мирзамаҳмудов газлашмаган ҳудудларда электр энергиясига 50 фоизлик чегирма берилиши ҳақида айтиб ўтган, бироқ бу ҳали амалга ошмаган.
Ўзбекистонда туғилиш камайди, никоҳлар эса қисқарди
Ўзбекистон аҳолиси 2025 йил 1 январ ҳолатига 37,5 млн кишига етди. Бир йил ичида 926,4 минг чақалоқ туғилган, бу 2023 йилга нисбатан 35,6 мингтага кам. Энг юқори туғилиш Сурхондарёда, энг пасти Қорақалпоғистонда қайд этилди.
Оила қуриш кўрсаткичи ҳам тушиб кетди. 2024 йилда 271,8 минг никоҳ тузилган, бу сўнгги 10 йилдаги энг паст кўрсаткич. Эркаклар ўртача 27,1 ёшида, аёллар эса 22,3 ёшида турмуш қурган.
Ажралишлар сони 45,1 мингтани ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 59,9 фоизга ошган.
Ўлим ҳолатлари ҳам кўпайган. 2024 йилда 174,4 минг киши вафот этган. Ўлимнинг асосий сабаблари қон айланиш тизими хасталиклари, хавфли ўсимталар, нафас йўллари касалликлари ва бахтсиз ҳодисалар бўлган.
Қозоғистон ташқи савдода учинчи ҳамкорга айланди
Ўтган йил якунлари бўйича Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари учлигига кирди.
Ўзбекистон Қозоғистонга 1,4 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилган, импорт эса 2,8 млрд долларга етган.
Ўзбекистон 2024 йилда 198 давлат билан савдо алоқаларини йўлга қўйган. Умумий ташқи савдо айланмаси 65,9 млрд долларни ташкил этиб, 3,8 фоизга ўсган. Экспорт 26,9 млрд доллар, импорт эса 38,9 млрд доллар даражасида қайд этилган.
Биринчи ва иккинчи ўриндаги асосий ташқи савдо ҳамкорлари Хитой ва Россия бўлиб турибди.
Мавзуга оид
19:29 / 07.02.2025
7 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:33 / 06.02.2025
6 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:45 / 05.02.2025
5 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:12 / 04.02.2025