Ўзбекистон | 23:11 / 02.12.2025
5446
5 дақиқада ўқилади

«Афросиёб»даги президент ва кўп қаватли уйларда ёнғин хавфсизлиги чоралари – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев «Афросиёб» поездида Жиззах вилоятига ташриф буюрди

Президент Жиззах вилояти сари «Афросиёб» поездида сафарга чиқди. Давлат раҳбари ташриф давомида йўл-транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт ва хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишади ҳамда халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этади.

Президент бинолар ташқи деворида кучли ёнувчан материалларни қўллашни тақиқлашни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев ҳузурида 1 декабр куни ўтказилган йиғилишда экологик барқарорлик, шу жумладан чиқиндиларни қайта ишлаш, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги масалалари атрофлича кўриб чиқилди, шунингдек, мутасаддиларнинг қишга тайёрлик юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Йиғилишда ёнғин хавфсизлиги масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Мамлакатимизда 44 мингдан зиёд кўп қаватли биноларда ёнғин хавфсизлиги ҳолатини тўлиқ ўрганиш, фавқулодда вазиятлар тизими бундай хавф-хатарларга қарши ҳаракат қилишга шай туриши зарурлиги таъкидланди.

Биноларнинг ташқи деворларида кучли ёнувчан материалларни қўллашни тақиқловчи қатъий талабларни қонун ҳужжатларига киритиш вақти келгани таъкидланди. Шу муносабат билан кўп қаватли уйларда қурилиш нормалари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини халқаро тажрибага мослаш ҳамда масъул раҳбарлар жавобгарлигини кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Жиззахда автосаноат учун кадрлар тайёрлайдиган муҳандислик мактаби иш бошлади

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди.

Бу ерда BYD Uzbekistan Factory ва ADM Jizzakh корхоналари билан малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Муҳандислик мактабида транспорт соҳасига ихтисослашган тўрт таълим йўналиши бўйича ўқув дастурлари янги ёндашув асосида ташкил этилган. Иккинчи курсни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган талабалар BYD заводи талаблари асосида ишлаб чиқилган замонавий ўқув платформаларида икки йиллик дуал таълим олади. Улар завод билан бевосита ҳамкорликда амалий машғулотлар ўтаб боради ва бу орқали махсус ишга йўлланма сертификатига эга бўлиш имкониятига эга бўлади.

2026 йилдан кўп қаватли уйга қўшимча қават қўшиш учун лойиҳани қайта расмийлаштириш тақиқланади

Президентнинг бино ва иншоотлар зилзилабардошлигини оширишга қаратилган фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан қурилиши бошланган кўп қаватли уй-жойларга қўшимча қават қўшиш ёки баландлигини ошириш учун лойиҳани қайта ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш тақиқланади. Шунингдек, зилзилабардошлик бўйича экспертиза тартиби ва ноқонуний қурилмаларга нисбатан чоралар ҳам кучайтирилади.

Шунингдек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ноқонуний қурилмаларни буздириш ишлари нархлари ҳар бир йил учун алоҳида белгилаб борилиши кўзда тутилган.

Ушбу чора-тадбирлар қурилиш соҳасида интизомни кучайтириш, зилзила хавфи юқори бўлган ҳудудларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва ноқонуний қурилишлар билан кескин курашишга қаратилган.

Хизмат йўқ, лекин тўлов бор: 5 та чиқинди ташиш корхонасининг қонунбузарлиги аниқланди

Тошкент вилоятида 5 та чиқинди ташиш корхонаси томонидан 250 мингга яқин истеъмолчидан 8,8 млрд сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олингани аниқланди, деб хабар берди Рақобат қўмитаси. Бу корхоналарга истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилиш мажбурияти юклатилгани таъкидланмоқда.

Ўрганишлар давомида бир қатор қонунбузилишлар, хусусан айрим хонадонлардан чиқиндилар умуман олиб кетилмаган бўлса-да, уларга тўловлар ҳисобланган ва хизмат белгиланган даражада кўрсатилмаган ҳолатлар ҳам аниқланди.

Шу сабабли “Rahnamo Servis”, “Zero-Waste”, “Zangiota Obodon”, “Angren Bunyod Fayz” ва “Ohangaron Sanitariya Tozalash” корхоналарига жами 250 мингга яқин истеъмолчига 8,8 млрд сўмдан ортиқ маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш талаби қўйилди.

Гулистон шаҳридаги бозорлардан бирида газбаллони портлади

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридаги бозорлардан бирида газбаллони портлагани ҳақидаги лавҳалар тарқалди. Унда савдо расталари орасида тутун тарқалгани, баъзи расталар вайрон бўлгани, одамлар кийим-бошини ечиб ташлагани кўринади.

Сирдарё вилояти ФВБ хабарига кўра, ҳодиса шаҳарнинг Тараққиёт маҳалласида содир бўлган.

«2 декабр куни соат 10:49 да овқатланиш шохобчасининг ошхонасида ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар келди. Ёнғин тўлиқ бартараф этилди. Ҳодиса бўйича қўшимча маълумот берилади», дейилади хабарда.

Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот берилмади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид