Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Янги энергетика қувватлари ҳисобига Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр истеъмоли тўлиқ қопланади
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган маросимда қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объекти фойдаланишга топширилди, яна 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди.
Ҳудудларда жами 3 минг 500 мегаватт қувватга эга 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидроэлектр станция ишга туширилди. Ушбу объектлар тўлиқ қувватда ишлай бошлаши натижасида йилига 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси генерация қилинади. Келгуси йилда «яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 23 миллиард киловатт-соатга етказиш режалаштирилган.
– Эътибор беринг, бу – Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланади, деганидир, – деди президент.
Тошкентда метро узунлиги 103 километрга, «парковка» ўринлари 150 мингтага етказилади
Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида президент қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан пойтахт транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, Тошкентда аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60 фоизга етказиш, автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлигини 18 км/соатдан 24 км/соатгача ошириш, транспорт воситалари учун 150 мингта ўринга эга тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш, метрополитен тармоғи узунлигини 103 километрга етказиш режалаштирилган.
Ҳужжатга биноан, пойтахтда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази очилади.
Тошкентда светофорлар «ақлли» тизимга уланади ва транспорт оқимига автоматик мослашади
Тошкент шаҳрида транспорт ва йўл инфратузилмасини бошқаришни замонавий даражага олиб чиқиш мақсадида ахборот технологиялари билан интеграциялашган интеллектуал транспорт тизими ишлаб чиқилади.
Қарорга кўра, интеллектуал транспорт тизими доирасида видеокузатув камералари ва турли сенсорлар орқали транспорт, пиёда ва йўловчи оқимлари тўғрисидаги маълумотлар йиғилади. Ушбу маълумотлар асосида ҳаракат таҳлил қилиниб, светофорларни бошқариш, светофор фазаларини реал вақт режимида автоматик мослаштириш тизими йўлга қўйилади.
Конституция куни муносабати билан неча кун дам олинади?
2025 йил 8 декабр — Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун бўлиб, жорий йилда у ҳафтанинг душанбага тўғри келади.
Байрам арафасида дам олиш кунлари бўйича қуйидаги тартиб амал қилади:
6 декабр, шанба – 5 кунлик иш ҳафтасидаги ходимлар учун дам олиш куни, 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун иш куни ҳисобланади;
7 декабр, якшанба – дам олиш куни;
8 декабр, душанба – Ўзбекистон конституцияси куни муносабати билан расмий байрам ва дам олиш куни;
9 декабр, сешанба – барча учун иш куни этиб белгиланган.
Шу тариқа, 5 кунлик иш ҳафтасида ишловчи ходимлар учун 6, 7 ва 8 декабр кунлари кетма-кет 3 кун дам олиш имконияти яратилади.
Гулистондаги портлашдан сўнг 3 киши қамоққа олинди
2 декабр куни Гулистон шаҳри, Тараққиёт маҳалласидаги умумий овқатланиш шохобчаси ошхонасида суюлтирилган газбаллони портлаши оқибатида юз берган фожиадан сўнг корхона масъул шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди ва улар қамоққа олинди.
Кучли портлаш оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Оғир тан жароҳатлари туфайли 3 нафар фуқаро вафот этган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, шохобчанинг 3 нафар мансабдор шахси процессуал тартибда қамоққа олинган.
Мавзуга оид
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025
«Афросиёб»даги президент ва кўп қаватли уйларда ёнғин хавфсизлиги чоралари – маҳаллий дайжест
21:31 / 01.12.2025