Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
2026 йилда 4,5 миллион тонна пахта етиштириш мақсад қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев 3 декабр куни кимё саноатида ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш ҳамда таннархни пасайтириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Йиғилишда таъкидланишича, келгуси йилда 4,5 миллион тонна пахта етиштириш мақсад қилинган. Бунинг учун фосфорли ўғитларнинг етарли захирасини тайёрлаш, ўғит ишлаб чиқарувчиларга етарли миқдорда сулфат кислотасини етказиб бериш вазифаси қўйилди.
Кимё саноатини жадал ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича аниқ стратегия қабул қилинган. 2030 йилгача тармоқ ҳажмини камида икки баробарга ошириш, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни 1,5 баробарга кўпайтириш ва экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Президент Гулистондаги газ портлашида жабрланганлар ҳолидан хабар олди
Икки кун олдин Гулистон шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида газ баллони портлаши оқибатида 29 нафар фуқаро жароҳат олган эди. Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида шифохонага бориб, жабрланганлар билан учрашди, уларнинг аҳволи ва даволаш чоралари билан танишди.
Давлат раҳбари жароҳат олганлар билан суҳбатлашиб, уларга маънавий кўмак билдирди, ҳар бир беморнинг аҳволи бўйича шифокорлардан атрофлича маълумот олди. Шунингдек, жабрланувчиларнинг яқинлари билан гаплашиб, уларни руҳан қўллаб-қувватлади.
Президент мутасаддиларга жабрланганларга зарур тиббий ёрдамни тўлиқ кўрсатиш, даволаниш жараёнини доимий назоратда ушлаш ҳамда уларнинг оиласига барча томонлама кўмак тақдим этиш юзасидан топшириқлар берди.
Мактаб ва боғчалар қурилишини молиялаштириш маҳаллий бюджетларга ўтказилади
2026 йилдан академик лицейлар, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаблар қурилиши, реконструкцияси ва капитал таъмири учун харажатлар республикa даражасидан маҳаллий бюджетлар ихтиёрига ўтказилади. Шу мақсадда маҳаллий бюджетларга 19,7 трлн сўм бюджетлараро трансфертлар йўналтирилиши режалаштирилган.
Ушбу ўзгаришлар маҳаллий ҳокимият органларининг таълим инфратузилмасини ривожлантиришдаги масъулияти ва мустақиллигини ошириш, мактаб ва боғча қурилиши ҳамда таъмирида ҳудудларнинг эҳтиёж ва устуворликларини инобатга олиш имконини бериши таъкидланмоқда.
Марказий банк вояга етмаганларнинг картадан фойдаланиши тартиби бўйича изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда вояга етмаган шахсларга банк карталарини очиш ва уларни тижорат банклари ҳамда тўлов ташкилотларининг мобил иловаларига бириктиришда биометрик идентификация (Face-ID) талаби туфайли муаммолар кузатилаётгани бўйича чиқишлардан сўнг Марказий банк мазкур масалага ойдинлик киритди.
Қайд этилишича, Марказий банк томонидан банклар ва тўлов ташкилотларига хатарларни бошқариш сиёсати асосида вояга етмаганлар учун мобил илова орқали электрон тўлов имкониятини тақдим этиш, бироқ юқори хатарли амалиётлар учун қўшимча идентификация механизмларини сақлаб қолиш бўйича кўрсатмалар юборилган.
Марказий банк қисқа муддат ичида вояга етмаган шахслар банклар ва тўлов ташкилотлари мобил иловалари орқали ўз банк карталаридан тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборотига кўра, юк ташиш қоидалари бўйича олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан, ортилган юкни тўғри ёпмасдан ҳаракатланиб йўл қопламасини ифлослаётган ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида жарималар қўлланмоқда.
Қонунчиликка кўра, МЖтКнинг 147-моддасида йўл қопламасини ифлослантириш, шунингдек йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, мансабдор шахсларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари (4 млн 120 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Мавзуга оид
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025
«Афросиёб»даги президент ва кўп қаватли уйларда ёнғин хавфсизлиги чоралари – маҳаллий дайжест
21:31 / 01.12.2025
Истеъмолчилар мурожаати учун қулайлик ва Тошкентдаги оммавий эко-рейдлар – маҳаллий дайжест
22:30 / 28.11.2025