Жаҳон | 20:33 / 03.02.2025
5423
2 дақиқада ўқилади

Нефт экспортчи давлатлари Трамп илтимосини бажармади

АҚШ президенти Доналд Трамп OPEC ташкилотини нефт нархини пасайтиришга чақирган эди. Унинг сўзларига кўра, нархларнинг пасайиши Украинадаги урушга барҳам бериши мумкин. Бунинг учун нефт қазиб олиш ҳажмини ошириш лозим.

Фото: Reuters

Нефт экспортчи давлатлари ташкилоти (OPEC+) вазирлар мониторинги қўмитаси аъзолари 2024 йил 5 декабрда нефт қазиб олишни қисқартириш бўйича эришилган келишувларга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

Қўмита аъзолари фикрича, қазиб олишга қўшимча ихтиёрий тузатишлар киритилиши нефт бозорида барқарорликни таъминлаган.

«Қўмита Қозоғистон ва Ироқда талабларга риоя қилиш даражаси яхшиланганини олқишлади», деб қўшимча қилди OPEC+.

Шунингдек, қўмита декабр ойида эришилган келишувларга риоя этилиши устидан назоратни давом эттиришини маълум қилди. Унинг навбатдаги йиғилиши 5 апрел куни бўлиб ўтади.

23 январ куни Давос форумида сўзлаган АҚШ президенти Доналд Трамп OPEC ташкилотини нефт нархини пасайтиришга чақирган эди. Унинг сўзларига кўра, нархларнинг пасайиши Украинадаги урушга барҳам бериши мумкин. Бунинг учун нефт қазиб олиш ҳажмини ошириш лозим.

2024 йил декабр ойида OPEC+ давлатлари нефт қазиб олиш ҳажмини ихтиёрий равишда 2025 йил март ойи охирига қадар кунига 2,2 миллион баррелга ва 2026 йил охирига қадар кунига 1,65 миллион баррелга қисқартириш ҳақида қарор қабул қилди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид