Жаҳон | 14:51 / 03.02.2025
7878
3 дақиқада ўқилади

WSJ: JPMorgan Россиядан юборилган 2 млрд долларни музлатиб қўйди

Газпромбанк орқали ўтган пуллар Туркияда "Росатом" лойиҳаси бўйича биринчи атом электр станцияси қурилишини тўлашга мўлжалланган эди, дея хабар беради The Wall Street Journal манбалари.

Фото: EPA-EFE/PETER FOLEY

АҚШ ҳукумати баъзи банк ўтказмаларини музлатиб қўйганидан сўнг, JPMorgan банки Россиядан 2 миллиард долларни блоклади. Бу ҳақда 2 феврал, якшанба куни вазиятдан хабардор манбаларга таянган ҳолда The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди. Бу пул Туркияда "Росатом" лойиҳаси асосида "Аккую" биринчи атом электр станцияси қурилиши учун тўловга мўлжалланган эди.

Америка расмийларига кўра, Россия ва Туркия Газпромбанк АЭС қурилиши учун қарийб 9 миллиард доллар кредит ажратишига келишиб олган. Нашрнинг таъкидлашича, ҳисоблардан тушган пуллар Туркиянинг Ziraat банкида ҳисобрақамларига эга бўлган Россия компанияларига ўтиши мумкин эди. Шартнома имзоланган вақтда Россия банки АҚШ санкциялари остида бўлмаган. Улар унга қарши фақат 2024 йилнинг ноябрида жорий этилган.

2022 йилнинг ёзида Газпромбанк, Америка томонига кўра, ушбу келишув доирасида Citi орқали Ziraat'даги АЭС ҳисобларига 3 миллиард доллар ўтказган. Кейин JPMorgan орқали 2 миллиарддан бир оз кўпроқ пул ўтказилди, аммо JPMorgan орқали кейинги 2 миллиард пул ўтмади, у музлатиб қўйилди.

АҚШ Анқаранинг муносабатидан қўрқиб, пулни мусодара қилмади

Газетага кўра, АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден маъмурияти дастлаб бу пулларни мусодара қилмоқчи бўлган. Бироқ, охир-оқибат, Туркияни «ғазаблантирмаслик» учун улар шунчаки музлатиб қўйилди. Вашингтон пулнинг олиб қўйилиши Анқара билан барча соҳаларда: асирлар алмашинуви ва терроризмга қарши курашдан тортиб, Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш ва Ғазо секторидаги урушни тугатиш ҳаракатларигача бўлган ҳамкорликка путур етказишидан хавотирда эди.

Туркия Энергетика вазирлиги WSJ'га изоҳ беришдан бош тортди. Президент Доналд Трамп маъмурияти вакилининг айтишича, ҳукумат «санкция режимларини қайта кўриб чиқишда ва уларни четлаб ўтишга уринаётганларга қарши чоралар кўришда» давом этади.

"Росатом" вакили нашрга Туркия атом электр станциясини қуриш учун ажратилган барча маблағлар лойиҳани молиялаштириш ва пудратчиларга ҳақ тўлаш, шунингдек, Туркиядаги бошқа ижтимоий ва молиявий мажбуриятлар учун сарфланганини тушунтирди. «Учинчи шахслар таъсирида ноҳақ ушлаб қолинган маблағларга келсак, биз бу масала ҳал бўлишини кутамиз», деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид