Дориларни рецепт билан сотишга қачон ўтилади?
Ўзбекистонда дорихоналар ҳатто энг қалтис, ножўя таъсири кўп дориларни сотишда ҳам камдан кам ҳолатда рецепт сўрайди. Ривожланган мамлакатларда эса бунинг акси: шифокор рецепти бўлмаса, дори сотиб олиш амримаҳол. Kun.uz мухбири Тошкентдаги ўндан ортиқ дорихоналарга кириб вазиятни ўрганди, ечим нимада деган савол билан Фармагентлик раҳбарига юзланди.
2024 йил декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 1491 та рецептсиз ва 7121 та рецепт билан сотиладиган дори воситалари рўйхатга олинган. Лекин деярли барча ҳолларда рецепт билан олинадиган дориларни рецептсиз харид қилишга ўрганиб қолганмиз.
Истеъмолчи бирон дорини сўрайди, дорихона ходими эса бераверади.
Kun.uz қонунчиликда белгиланган талабларга аксарият ҳолларда амал қилинмаслигини Чилонзор ва Учтепа туманларида жойлашган 15 га яқин дорихоналардан ўрганди: мухбиримиз рецепт билан сотиладиган дориларни рецептсиз сўраб кўрди.
Тажрибамизда Чилонзор туманидаги бир нечта дорихона ходимлари “Нормодипин”, “Мезатон”, “Янтасол”, “Фексоник”, “Омепразол” , “Пентоксим” каби дори воситаларини ҳеч қандай рецептсиз берди.
Kun.uz мухбири буйрак, юрак оғриғига дори сўраб кўрганда, айрим фармацевтлар рецепт билан, яна баъзилари рецептсиз сотиладиган дори воситаларини тавсия қилди.
Ўрганиш давомида фақат 2 та дорихона ходимлари низом талабларига риоя этиб, рецепт билан бериладиган дори воситаларини бизга сотмади.
Хусусан, буйрак оғриғига қарши дори сўралганда, Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган дорихона ходими бундай дори бера олмаслигини, бу учун жавобгарлик борлигини эслатди. Бошқа дорихона ходими эса провизор томонидан юрак, буйрак оғриғи ва қон босимига қарши дори тавсия қилиш мумкин эмаслигини айтди.
ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Kun.uz'га маълум қилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддаси 1-қисми билан дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади. Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш эса БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Фармацевтика агентлиги раҳбари Абдулла Азизов Kun.uz саволига жавобан рецептсиз дори сотувига қарши курашиш осон эмаслигини айтди.
“Бизда рецептсиз дори сотиш маданиятга сингиб кетган. Бир марта шу нарсани қаттиқ назоратга олгандик, одамлар агентликка эътироз билдиришди: мен бу дорини рецептсиз олишга ўрганганман, шифокорга боришга вақтим йўқ деб айтишди.
Масалан, мен Данияда яшаганман, у ерда шифокорга бормай, тўғридан тўғри дорихонага борсангиз, сизга дори бермайди”, – дейди Азизов.
Фармагентлик раҳбарига кўра, электрон рецептга ўтилиши билан, вазият ижобий томонга ўзгара бошлайди.
“Тизимли ечими бор бу нарсанинг. Рецептли дори воситаларини ҳақиқатан рецепт билан бериш механизми 100 фоиз ишлаши учун барча шифохоналар, поликлиникалар, керак бўлса, хусусий шифохоналар ҳам электрон рецепт бўйича умумий тизимга уланиши керак. Ўшанга уланиб, ўша ердан мажбур қилиш керак бўлади ва халқимиз ҳам бунга ўрганган бўлиши керак. Ундан кейин тўғридан тўғри дорихоналарга бориб, “менга рецептли дори беринг”, деб сўролмайди. У, албатта, шифокорга бориши шарт бўлади. Сурункали касалликлари бор беморларга узоқ муддатли рецептлар бериш мумкин.
Мен ҳозир аниқ бир вақт айтолмайман: бир йил талаб қилар, бир ярим йил талаб қилар. Лекин битта нарсани биламан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу вазифани ўз олдига қўйган ва жуда ҳам кўп иш олиб боряпти. Умид қиламанки, қисқа муддатларда шу электрон рецептни йўлга қўяди.
Буни йўлга қўйиш билан иш тугамайди; буни йўлга қўйиш билан унинг қаттиқ назорати ва маданиятни шакллантириш жуда муҳим фактор. Маданиятни шакллантира олмасак, ахборот тизими ҳеч қандай масалани ҳал қилиб бермайди, чунки эртага оддий аҳоли дорихоначи билан жанжаллашса, масалан: “Менинг мазам йўқ, нега менга дори бермаяпсиз?” деса; “Шифокорга боришга вақтим ҳам йўқ, ҳолатим ҳам йўқ”, деса, уни ҳам тўғрилаш керак бўлади. Яъни бу тизимли ва ҳар тарафлама иш олиб бориш керак.
Бизнинг аҳволимиз, маданиятимиз, шифокорларни қайтадан ўқитиш, ўша ахборот тизимларида ишлашга хусусий секторни ҳам ўз вақтида киритиш, дорихоналарни ўша тизимга интеграциялаш – булар катта бир жараён. Эшитилиши осон, лекин катта жараён”, – дейди Азизов.
Унинг қўшимча қилишича, германиялик ҳамкорлар билан мулоқотда, улар Германияда ҳам электрон рецептга ўтганига эндигина 2 йил бўлганини айтишган. Унгача рецепт ёзиш қоғозда бўлган, шунга қарамай, тизим тўғри ишлаган. Данияда дори воситаларини электрон рецепт асосида сотиш эса 2005 йилда йўлга қўйилган.
“Бизнинг бу йилдаги энг катта вазифамиз – биринчи навбатда референт нарх назоратини йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш. Маркировка тизими барча импорт қилинаётган ва ишлаб чиқарилаётган дориларга жорий этилиши керак. Ҳозир дорихоналарда 6-7 фоиз дори воситалари онлайн назорат кассалардан ўтказилади. Буни ҳам қаттиқ назоратга оламиз”, – дейди Фармагентлик раҳбари.
Тавсия этамиз
«Қувур операцияси»: руслар уни «урушдаги бурилиш нуқтаси» дейишмоқда
Жаҳон | 23:40 / 11.03.2025
Амалдорлар “маҳаллий” хизмат автомобилларига ўтказилмоқда
Ўзбекистон | 16:34 / 11.03.2025
Фирибгарлар ўғирлаган пулларни қайтариб бўлмайдими?
Ўзбекистон | 15:27 / 11.03.2025
«Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига овоз бериш бошланди
Ўзбекистон | 00:58 / 11.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкентда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаётганларга қарши рейд бошланди
Жамият | 10:06
-
Зеленский: Россия ўт очишни тўхтатишдан бош тортса, Украинани мустаҳкамлаш керак бўлади
Жаҳон | 09:47
-
Россияга тарихий тангалар ва кўкрак нишонларини яширинча олиб кетаётган шахс ушланди
Жамият | 09:26
-
Шолц АҚШнинг Украинада ўт очишни тўхтатиш таклифини қўллаб-қувватлади
Жаҳон | 09:10
Мавзуга оид

12:16 / 10.03.2025
Тегишли ҳужжатлари бўлмаган ярим млрд сўмлик дорини сотаётган дорихона аниқланди

12:25 / 21.02.2025
Тошкентда дорихона сотувчилари кучли дориларни рецептсиз сотган вақтида ушланди

08:39 / 18.02.2025
Кувайт Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

14:12 / 03.02.2025