Ўзбекистон | 16:08 / 06.02.2025
1140
1 дақиқада ўқилади

Бир йилда 600 млрд сўмлик энергия ресурслари талон-торож қилинди

Бош прокуратура департаментининг 2024 йилдаги тадбирларида электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 1200 дан ортиқ ҳолат аниқланди. Уларда жами 600 млрд сўмлик зарар етказилган. 

Фото: Kun.uz

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 2024 йилдаги тезкор-назорат тадбирлари давомида табиий газ ва электр энергиясининг талон-торожи билан боғлиқ 1200 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди

АОКАда ўтказилган брифингда айтилишича, уларда 600 миллиард сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган.

Фармацевтика соҳасида ҳам қатор ҳуқуқбузарликлар фош қилинди. 387 та жиноят аниқланиб, 38,5 миллиард сўмлик сифатсиз препаратлар ва тиббий буюмлар олиб қўйилди.

Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига қаратилган чоралар натижасида 2,8 триллион сўмлик харажатлар мақбуллаштирилди, 3,1 триллион сўмлик нотўғри сарфланишнинг олди олинди.

Маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда фермер ва деҳқонлар учун деҳқон бозорларида арзонлаштирилган савдо расталари ташкил этилди, 3 059 та арзонлаштирилган савдо расталарининг доимий фаолияти ташкиллаштирилди.

Мавзуга оид