Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Euroclear Россия активларидан 2 млрд евролик даромадни Украинага ўтказади
2024 йил июл ойида Euroclear депозитарийси Украинага ёрдам фондига 1,5 миллиард евродан ортиқ маблағ ўтказди, март ойидаги иккинчи транш 2 миллиард еврони ташкил қилади. 2024 йилда блокланган Россия активларидан тушган даромад 6,9 миллиард еврони ташкил қилди.
Белгиянинг Euroclear депозитарийси 2024 йилда блокланган Россия активларини инвестиция қилишдан 6,9 миллиард евро фоиз даромад олди, бу 2023 йилга нисбатан 2,5 миллиард еврога кўпдир, дейилади у томонидан 5 феврал, чоршанба куни чоп этилган ҳисоботда. Ўтган йили олинган сумманинг 5,39 миллиард евроси Россия банкининг блокланган активларига, яна 1,5 миллиард евроси эса Россия Федерацияси активларига тегишли.
Ҳужжатда қайд этилганидек, Украина март ойида ушбу суммадан 2 миллиард евро олади. «Капитал ва рискларни бошқариш талабларини қондириш учун 10 фоиз фавқулодда тўловни ушлаб қолгач, Euroclear 2024 йилнинг июл ойида Украина бўйича Европа жамғармасига тахминан 1,55 миллиард евро миқдорида 2024 йилнинг биринчи ярми учун биринчи тўловни амалга оширди. 2024 йилнинг иккинчи ярми учун иккинчи тўлов 2025 йилнинг март ойида олиниши кутилмоқда ва тахминан 2 миллиард еврони ташкил қилиши керак», дейилади баёнотда.
Фоиз даромадининг пасайиши эҳтимоли бор
Шу билан бирга, Euroclear молиявий гуруҳи 2024 йилда жаҳон иқтисодиётида ставкаларнинг босқичма-босқич пасайиши Россия Марказий банкининг блокланган активлари бўйича фоиз даромадларининг ўсиш суръати пасайишига олиб келганини таъкидлайди. Белгиялик иқтисодчиларнинг прогнозларига кўра, «келажакдаги фоиз даромадлари истиқболлари пасайишда давом этиши мумкин, аммо бу келажакдаги сиёсий қарорларга боғлиқ».
2024 йил охирида Euroclear Россиянинг 183 миллиард евролик музлатилган активларини ўзида сақлаган. Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ортидан Ғарб давлатлари Россия Марказий банкининг умумий қиймати тахминан 260 миллиард еврони ташкил этган нақд пул ва қимматли қоғозлар кўринишидаги активларини музлатиб қўйди. Уларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи Белгия депозитарийсида сақланади. Шу билан бирга, Россия Молия вазирлиги 2022 йилда музлатилган активлар ҳажмини тахминан 300 миллиард доллар (288 миллиард евро) деб баҳолади.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025