Жаҳон | 09:43 / 10.02.2025
2193
2 дақиқада ўқилади

Финландия Уст-Лугадаги Koala танкери билан боғлиқ ҳодисани текширмоқда

Финландия разведкачи самолёти Уст-Луга портида мазут ортилган Koala танкеридаги портлашдан сўнг нефт маҳсулотлари сизиб чиқишининг изларини топмади. Воқеа юзасидан тергов давом этмоқда.

Фото: Telegram / klops_news

Финландия ҳукумати Ленинград областидаги Уст-Луга портида қумлоққа ўтириб қолган Koala танкери билан боғлиқ ҳодиса юзасидан ўз текширувини ўтказади. Бу ҳақда 9 феврал, якшанба куни мамлакат бош вазири Петтери Орпо маълум қилди. «Финландия расмийлари вазиятни ўрганмоқда. Финландия нефт сизиб чиқишига тайёрлигини оширди», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Финландия чегара хизмати маълумотларига кўра, воқеа содир бўлган ҳудудга разведка самолёти юборилган. У Финландия кўрфазида нефт маҳсулотлари тўкилишининг изларини топмаган.

Аввалроқ худди шу Ленинград области губернатори Александр Дрозденко мазут ортилган Koala танкерида двигателни ишга тушириш вақтида «техноген ҳодиса» юз бергани ҳақида хабар берган эди. Натижада кеманинг машина хонаси шикастланган, танкернинг ўзи эса қумлоққа ўтириб қолган. Кейинроқ Денгиз ва дарё транспорти федерал агентлиги кеманинг юк цистерналари шикастланмаганини ва шу сабабли нефт сизиб чиқиши хавфи йўқлигини маълум қилди.

ОАВ маълумотларига кўра, кема бортида 24 киши: тўрт нафар Россия, саккиз нафар Гуржистон ва 12 нафар Индонезия фуқароси бўлган. Уларнинг барчаси эвакуация қилинди. Koala танкери Greenpeace экологик ташкилоти томонидан тузилган Россиянинг «соядаги флоти» рўйхатига киритилган. Кема Антигуа ва Барбуда байроғи остида ҳаракатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид