Ўзбекистон | 12:09 / 10.02.2025
2663
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда рус тилидан сертификат олиш тизими йўлга қўйилиши мумкин

Рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигига оид имтиҳонларни ўтказиш ва сертификат бериш тизими Ўзбекистонда йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Фото: Миграция агентлиги

Миграция агентлиги хабар қилишича, бу масала Қозон федерал университети раҳбарияти билан учрашув давомида муҳокама қилинди.

Марказнинг Ўзбекистонда фаолият юритиши Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома (патент) расмийлаштиришда талаб қилинадиган сертификат олиш жараёнларини сезиларли тарзда енгиллаштиради, харажатлар камаяди, ортиқча оворагарчиликлар олди олинади.

Миграция агентлиги раҳбарияти бошчилигида делегация аъзолари Санкт Петербургда “Северний” миграция марказида бўлиб, ўзбекистонликлар билан ҳам учрашди. Уларга легализация жараёнлари, ҳуқуқий мақомини расмийлаштириш ва патент олиш бўйича маълумотлар берилди. Рус тили имтиҳонлари ҳамда тиббий кўрик жараёнлари билан яқиндан танишилди.

Шунингдек, Халқаро меҳнат миграциясига кўмаклашиш ассосиацияси ҳамда “СберБанк” масъуллари билан учрашувда  “СберБанк”нинг “Меҳнат мигранти электрон картаси” лойиҳаси муҳокама қилинди.

Делегация аъзолари “Балтийский берег”, “Мигросервис”, “МируСтрой” каби компаниялар вакиллари, “Токио Сити” ресторанлар тармоғи, “Петрович” қурилиш ширкати ва “Бахрома” ресторани раҳбарлари билан Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб этиш бўйича музокаралар ҳам ўтказди.

Мавзуга оид