Жаҳон | 12:31 / 13.02.2025
2917
2 дақиқада ўқилади

Лондон: Трамп Путинни музокаралар столига ўтказишга ваъда берди

Буюк Британия мудофаа вазирининг таъкидлашича, Европа Украинага энг яхши позициядан музокаралар олиб боришига ёрдам беради, АҚШ эса Путинни музокараларга ўтказишга ваъда қилди.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путинни музокаралар столига ўтказиш АҚШ ва унинг президенти Доналд Трамп Украинадаги урушни тугатиш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятлардан биридир. Бу ҳақда 12 феврал, чоршанба куни Брюсселда Буюк Британия Мудофаа вазирлиги раҳбари Жон Хили Украина мудофааси бўйича "Рамштайн" формати деб аталадиган алоқа гуруҳи йиғилишидан сўнг маълум қилди.

Европа ўз навбатида Киевга кўпроқ ҳарбий ёрдам беришга тайёр, деди у. «Биз Украина жанг қилаётган пайтда унга энг яхши позициядан музокаралар олиб боришга ёрдам бериш мажбуриятини олдик», деди вазир НАТО штаб-квартирасида ўтказилган матбуот анжуманида.

Унинг таъкидлашича, Америка томони алоқа гуруҳида қолмоқда ва Украинада узоқ муддатли тинчликка эришиш учун европалик ҳамкорлар билан ишлашга тайёр. Улар биргаликда Россияга ҳарбий ва иқтисодий босимни кучайтириш ниятида, деди Хили.

Трамп Путин ва Зеленский билан гаплашди

Шу билан бирга, Доналд Трамп ижтимоий тармоқларда хабар жойлаштирган, унга кўра у Путин билан уларнинг жамоалари «зудлик билан музокараларни бошлаши» ҳақида келишиб олган. «Мен давлат котиби Марко Рубио, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Ратклифф, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтц ҳамда элчи ва махсус вакил Стив Виткоффдан музокараларга бошчилик қилишни сўрадим», — дея қўшимча қилди у.

АҚШ президенти шу куни Украина президенти Володимир Зеленскийга қўнғироқ қилиб, Россия етакчиси билан бўлган суҳбат ҳақида маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид