Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
G7 Украинадаги урушнинг уч йиллиги бўйича коммюнике лойиҳасини юмшатди
Катта еттилик давлатлари АҚШ ва Европа ўртасидаги келишмовчилик фонида коммюнике бўйича келишиб олишга қийналмоқда. Украинанинг Атлантика интеграцияси ва Россия босқинининг «ноқонунийлиги» ҳақидаги ҳаволалар аллақачон матндан олиб ташланган.
21 феврал, жума куни Bloomberg агентлиги музокаралардан хабардор дипломатларга таяниб, «Еттилик гуруҳи» (Катта еттилик) давлатлари АҚШ ва Европа ўртасидаги зиддият кучаяётган бир пайтда Россиянинг Украинага ҳарбий босқинининг уч йиллиги муносабати билан коммюнике лойиҳаси бўйича келишиб олишда қийналаётганини хабар қилди. Бўлинишга АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россия билан Европа ва Украинанинг ўзи иштирокисиз икки томонлама тинчлик музокараларини олиб бориши сабаб бўлди.
Агентлик маълум қилишича, ҳужжатнинг 19 февралдаги сўнгги таҳририда «ишончли хавфсизлик кафолатлари ва Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши келажакдаги тажовузнинг олдини олувчи барқарор тинчликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади», дейилади.
Бу ибора «Украина учун узоқ муддатли хавфсизлик кафолатлари, шу жумладан унинг ҳудудида қўшинлар ва ресурсларни жойлаштириш, шунингдек, келишувларга риоя этилиши устидан ишончли халқаро назорат» орқали «тажовузни рағбатлантирмайдиган ёки келажакдаги урушларга рухсат бермайдиган» тинчлик ҳақида гапирилган дастлабки версиядан юмшоқроқ. Асл нусхадан Украинанинг Атлантика тузилмаларига интеграциялашуви ҳақидаги эслатма ҳам олиб ташланди.
Сўзларни юмшатиш
«Катта еттилик» анъанага кўра Россиянинг Украинага қуролли босқинини қўшни давлатга қарши тажовуз деб атаган. Дастлабки лойиҳада у «ноқонуний» деб ҳам таърифланган, бироқ охирги версияда матн «Россиянинг Украинага бостириб кириши билан бошланган ҳалокатли уруш» деб ўзгартирилган.
Музокарачилар, шунингдек, иттифоқчилар ўз молия вазирларига Москвани музокарага мажбурлаш мақсадида Россия нефтининг нархини тўғирлаш ёки кўтариш ҳақида кўрсатма берган бандни олиб ташлашди. Матн юзасидан мунозаралар давом этмоқда ва яна ўзгаришлар бўлиши мумкин, дейди дипломатлар. Улар масаланинг нозиклиги сабабли ўз номини ошкор қилмасликни сўраган.
G7 ташқи ишлар вазирлари фақат ўтган ҳафта Мюнхен хавфсизлик конференциясида «Россиянинг Украинага қарши уруши» ва унинг «тажовузкор табиати»ни муҳокама қилган матн бўйича келишувга эриша олди. Расмийлар бу сафар ҳам худди шундай муросага эришиш мумкинлигига умид қилмоқда.
Мавзуга оид
20:04 / 08.06.2026
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
10:25 / 08.06.2026
Зеленскийнинг мактуби: дипломатик қадамми ёки стратегик зарбами?
15:21 / 07.06.2026
Украина армияси Қримга олиб борувчи трассани ўлим йўлига айлантирди
10:05 / 07.06.2026