Ўзбекистон | 19:50 / 24.02.2025
3088
1 дақиқада ўқилади

Покистон бош вазири 25 феврал куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф 25-26 феврал кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, бўлажак олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон—Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, енгил ва чарм саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш борасидаги қўшма режалар диққат марказида бўлади.

Маданий-гуманитар ва туризм алоқаларини фаоллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Саммит якунида Қўшма декларация ва қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида етакчилар Ўзбекистон—Покистон қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этади.

Мавзуга оид