Жаҳон | 11:52 / 27.02.2025
5949
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳукумати АҚШ билан ресурслар бўйича битимни маъқуллади

Киевдаги вазирлар маҳкамаси «Украина ва Қўшма Штатлар ўртасида Инвестицияларни қайта тиклаш жамғармасини яратиш тўғрисидаги битимни имзолаш учун зарур бўлган қарорларни қабул қилмоқда», деди мамлакат бош вазири Денис Шмихал.

Фото: Telegram / Denys_Smyhal

Киев Қўшма Штатлар билан бу мамлакатга Украинанинг минерал ресурслари, жумладан, нодир металларига киришни таъминлайдиган шартнома имзолашга тайёр. Бу ҳақда Украина бош вазири Денис Шмихалнинг 26 феврал, чоршанба куни кечқурун эълон қилинган Telegramʼдаги хабарида айтилади.

«Бугун ҳукумат Украина ва АҚШ ўртасида Инвестицияларни тиклаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолаш учун зарур қарорлар қабул қилмоқда», — дейилади унинг постида.

Шмихал ушбу ҳужжатнинг асосий бандларини санаб ўтди. Улар Инвестицияларни қайта тиклаш жамғармаси Украина ва Қўшма Штатларга биргаликда тегишли бўлишини ва иккала давлат ҳукуматлари томонидан биргаликда бошқарилишини назарда тутади.

Шмихал АҚШ билан келишув қоидалари ҳақида

«Украинанинг минерал ресурслари ва минерал бойликлари Украинага тегишли бўлиб қолмоқда; улар АҚШ ёки бошқа бировнинг мулкига ўтказилмайди», — дейди Денис Шмихал. Унга кўра, Украина ўзининг табиий ресурсларидан келадиган келажакдаги даромадларининг 50 фоизини Жамғармага ўтказади. Ўз навбатида, Қўшма Штатлар жамғармага «Украинани тиклаш учун муҳим бўлган маблағлар, молиявий воситалар ва бошқа активлар» шаклида ўз ҳиссасини қўшади.

«Жамғарма томонидан йиғилган маблағлар фақат Украинани тиклаш бўйича лойиҳаларга сармоя қилинади. Келишув Украинанинг Европа интеграцияси жараёни доирасидаги мажбуриятларини ҳисобга олади», — дейилади Шмихалнинг постида.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Украина етакчиси Владимир Зеленский 28 феврал куни Оқ уйга ташриф буюриб, нодир металлар бўйича келишувни имзолаши мумкинлигини айтган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид